Гулжамол Асқарова: “Шуҳратдан умидвор бўлмаган шоир йўқ!”

Халқимиз қонида шеърга ошуфталик яшайди, дейишади. Ҳақиқатдан ҳам таҳририятимизга кунига ўнлаб шеърият ихлосмандлари мактублар жўнатишади. Яқинда Самарқанд вилояти Нуробод туманида яшовчи муштарий Мадина Бойхўрозовадан мактуб олдик. Билишимизча, мухлисимиз инглиз тилини ўрганиш баробарида шеъриятга ҳам қизиқар экан. У газетада чоп этилаётган ижодкорлар билан суҳбатларни мунтазам ўқиб боришини билдириб, дилида шеърлари ёруғ туйғулар қўзғовчи севимли шоирасига ўз саволларини йўллабди.

…Муштарийимизнинг истагини инобатга олиб, ўзининг шеър­лари билан кўнгилнинг энг чуқур ерларига кириб боришга улгурган шоира Гулжамол АСҚАРОВАни суҳбатга чорладик.

— Гулжамол опа, илк шеъри­нгиз матбуотда нашр этилганида кўнглингиздан нималар кечган?

— Машқларим туман газетасида чиқиб турарди. Аммо мен республика матбуотини кўзлардим… «Саодат» журналида шеърларим нашр этилганида энди зўр шоира бўлдим, деб ўйлаганман, кўчада кўрган ҳар бир одам менинг шеъримни ўқиган бўлса керак, исмимни билса керак, деган болаларча содда ва ғўр фикрда бўлганман. Ҳар бир ижодкорда маълум маънода худбинлик, ўзини қаттиқ яхши кўриш туйғуси бўлади. Жумладан, энг хокисор шоирда ҳам. Шеърим ортидаги шуҳратдан умидвор бўлмаганман, деган шоирга ишониш қийин.

— Шоир қачон шеър ёзади? Сизда ижод жараёни қандай кечади?

— Шу саволни кўп таҳлил этаман. Назаримда, шеър туғилиши учун шоир руҳини ларзага соладиган куч керак. Дард, изтироб, ёруғ туйғулар лозим. Шеър изтироб бўғзингга тиқилганида ёзилади, қувонч руҳни кўкка парвоз эттирганида, завқу шавқ­қа тўлдирганида ёзилади. Лекин бир ҳақиқат аёнки, қандай ёзганим ёдимда қолмайди… Бу ҳолат шу қадар онийки, мен уни ёдимда тутиб қололмайман… Капалак тутганмиз-ку болалигимизда, тўғрироғи, тутолмай оввора бўлганмиз… Шеър ёзиш, илҳом деса, болалигимдаги ана шу хотира элас-элас ёрқин, рангин ҳолатларда ёдимга тушади негадир…

— Ижодкор қалби ҳар доим бир сирдош излайди. Сиз сирларингизни кимга ишонасиз?

— Болалигимдан онамга, опамга, дугоналаргаям сир, дард айтмаганман. Ўзим кучли бўлсам, ҳамма нарсани ўзимда сақлаб қолсам-да, кунлардан бир кун ҳаётимда энг севимли ва беминнат бир одам пайдо бўл­са-ю, мен ҳаммасини ўшанга ишонсам, деган фикр бор эди. Ҳаётимда ўшандай одамни ҳалиям кутяпман, чоғи… (У турмуш ўртоғим бўлади, деган фикрдан мутлақо йироқман). Дўст излаш ҳар бир одамда шундай кечар, балки… Шундай дўсту қадрдон, ҳаёту руҳимга сингиб кетадиган одам бўлса, сирларим, минг йиллик ҳасратларимни айтардим, балки… Шундай дейман-у, аммо ижодкор одам ҳаммасини халқига, мухлисларига шеърларида айтиб қўяди, назаримда…

— Ўзбек шоирларидан кимларнинг ижодини севиб мутолаа қиласиз?

— Мумтоз шоирларимизни ҳеч бир муҳокамасиз ҳаммасини яхши кўриб ўқийман. Барча-барчаси жону жаҳонимга туташ. Уларнинг сатрлари мени бениҳоя мафтун этган.

Замонамиз шоирларидан ўқийдиганларим бор. Номма-ном санашга имкон йўқ. Машҳур шоирларни ўқишимиз табиий. Лекин матбуотда тез-тез кўринмаса-да, гўзал шеърлар ёзаётган ижодкорларимиз, масалан, Фароғат Камолова, Ибодат Ражабова каби шоира опаларимизни севиб, излаб ўқийман. Одам ёши ўсавергани сайин негадир ҳайқирибмас, ичида ўқиладиган шеърларга, қалб қироатига мойил бўлаверар экан-да. Хуршид Даврон, Эшқобил Шукур, Салим Ашур бугун мен севиб ўқиётган шоирларим.

— Ижодий режаларингиз?

— Бир пайтлар ижодий режалар қилардим, шу режаларимни бажарардим ҳам… Ҳозир негадир сал ўзгарганман. Аслида, ижодкорнинг битта режаси бўлади, бу ҳам бўлса энг яхши шеърини ёзиш… Зўр шеър­лар ёзсанг, сени ҳақиқий сўз қадрини билганлар севса, китобларинг хонадонлардаги энг қимматбаҳо буюмдек турса, ўқилса, одамларнинг қалб жавонларидан ҳар куни олиб варақланса, кўз ёшлар томиб, севилиб ўқилса…. Шу — режаларим.

— Сизга савол йўллаган мухлисларингизга нима деган бўлардингиз?

— Ҳаётнинг ташвишларию талотўпларидан ортиб, шеър ўқиётгани ва эътибори учун ўқувчиларимга ташаккур айтаман. Аслида, умрнинг гўзал ўтиши адабиётга ошуфталик билан белгиланади. «Кичкина шаҳзода» асарида «Феруза гулимизни асрайлик», деган сўзлар келади. Шу қаторда мен ҳам шеър мухлисларига ичимиздаги гулни, яъни кўнглимизни асрайлик, деб қоламан.

Гўзалой МАТЁҚУБОВА ёзиб олди.

“Оила даврасида” газетасидан олинди.