Иордан дарёси ғарбий соҳилида 3 нафар ўсмир жасади топилди

Исроил ҳарбийлари Ҳеврондан узоқ бўлмаган жойда (Иордан дарёси ғарбий соҳилида) уч нафар ўсмирнинг жасадини топишди. The New York Times’нинг ёзишича, ушбу жасадлар бундан бир неча кун бурун йўқолган ёш яҳудийларга тегишлидир. Манбаларга кўра, ўсмирларни ўғирлагандан сўнг отиб ўлдиришган.

Исроил ҳукумати ушбу воқеадан сўнг тезкор йиғилиш ўтказиб, баёнот қабул қилди. Мактаб ўқувчилари шу йилнинг 12 июнь куни ғойиб бўлган эди. Уларнинг ҳалок бўлганини Исроил мудофаа вазири Дани Даннон ҳам тасдиқлади. У ўз баёнотида ХАМАСни “йўқ қилиш”га чақирган.

Исроил бош вазири Биньямин Нетаняҳу ҳам ўз баёнотида мактаб ўқувчиларининг ўлимида фаластинликларни айблаб, “ХАМАС бунинг учун жавоб бериши”ни маълум қилди.

Мактаб ўқувчилари жасади топилгач, Исроил томонидан сўнгги вақтларда ўтказилган энг катта амалиётлардан бири якунланди. Ушбу амалиётга 2,5 мингга яқин ҳарбий хизматчи жалб қилинган. Аксарияти ХАМАС аъзоси бўлган 400 нафарга яқин фаластинлик ҳибсга олинган. Исроил ҳарбийлари билан тўқнашувда камида беш нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Қўлга олинганлар орасида 2011 йили яҳудий аскари Гилот Шалит учун алмаштирилган 57 нафар фаластинлик, 10 нафар фаластин парламенти аъзоси ҳам бор.

ХАМАС, ўз навбатида, Исроил томонидан илгари сурилган айбловларни рад қилиб, “урушни хавфи”дан огоҳлантирди. “Агар босқинчилар (исроилликлар) урушни танлайдиган бўлса, улар ўзлари учун дўзах дарвозасини очади”, — деди ХАМАС вакили.

Ўсмирларнинг энг каттаси 19, икки нафари эса 16 ёш бўлган.

БМТ бош котиби Пан Ги Муннинг сўзларига кўра, уч нафар ўсмирнинг ўлдирилиши Фаластин — Исроил инқирозини янада чуқурлаштиришга қаратилгандир. У Исроил ва Фаластин баҳамжиҳат иш тутиб, жиноятчини одил судловга олиб келишга чақирди. АҚШ президенти Барак Обама эса юзага келган вазиятга баҳо бериб, Исроил ва Фаластин раҳбарияти ўсмирларнинг қотилларини жавобгарликка тортишда бирга саъй-ҳаракат қилиши кераклигини ҳамда вазият танглигини чуқурлаштиришдан тийилиш зарурлигини уқтирди.