Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисаларининг қарийб 70 фоизи пиёдалар иштирокида юз берди

Ўзбекистонда 2014 йил биринчи ярмида юз берган йўл-транспорт ҳодисаларининг 67,6 фоизи автотранспорт воситасининг пиёдани уриб кетиши билан боғлиқдир. “Новый век” газетасининг Ички ишлар вазирлигидаги манбасига таяниб хабар беришича, автотранспорт билан автотранспорт тўқнашиши натижасида юз берган йўл-транспорт ҳодисалари жами аварияларнинг 21,4 фоизини ташкил қилган.

Қолган йўл-транспорт ҳодисалари эса автотранспорт воситасининг тўсиқларга, велосипед ҳайдовчиларга, араваларга, тўхтаб турган транспорт воситаларига бориб урилиши оқибатида юз берган.

Хабарда қайд этилишича, ўтган йилнинг шу давридагига қараганда йўл-транспорт ҳодисалари сони 2,2 фоизга қисқарган. ИИВ вакилига кўра, болалар иштирокида ЙТҲ сони 10 фоизга қисқаргани ижобий ҳолдир.