Мустақилликнинг 23 йиллиги “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” деган ғоя билан ўтказилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорда шу кунларда халқимиз Ватанимизнинг шонли тарихидаги буюк ва ўчмас санани – Ўзбекистон мустақиллигининг 23 йиллигини кенг нишонлаш учун катта тайёргарлик кўрмоқда, дейилади. “Ана шу улуғ айёмни муносиб кутиб олиш ва ўтказиш мақсадида бугунги кунда олиб бораётган маънавий-маърифий фаолиятимизнинг асосий маъно-мазмунини аввало биз танлаган тараққиёт йўлининг ҳар томонлама тўғри ва ҳаётий йўл эканини, янги демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш борасида биз эришган ютуқ ва марраларнинг моҳияти ва аҳамиятини юртимиз аҳолиси ва жаҳон жамоатчилигига етказиш, уларнинг қадр-қимматини чуқур англаш ташкил этиши даркор”, — дейилади қарорда.

Ҳужжатда қайд этилишича, шулар қаторида Ўзбекистонимиз барқарор суръатлар билан ўсиб бораётгани, қўлга киритган улкан натижаларимизни бутун дунё тан олаётгани, мамлакатимизнинг халқаро майдонда обрў-эътибори ортиб, ўзига муносиб ўрин эгаллаб олаётганини кенг ёритиш, бу ютуқларнинг асосий омили ва мезонини биринчи навбатда халқимизнинг дунёқараши, одамларимизнинг сиёсий онги ва тафаккури ўзгариб, фуқаролик фаоллиги тобора кучайиб бораётганида кўриш, ушбу ижтимоий-сиёсий жараёнларни ҳар томонлама асослаб бериш ва бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда таҳлил қилиш ўта муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаш зарур.

Қарорга бинаон, мустақиллик байрамларига бағишланган жорий йилги ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” деган эзгу ғоя асосида амалга оширилади. Байрамни нишонлаш бўйича Республика дастурида тарихан қисқа даврда биз қандай улкан ривожланиш йўлини босиб ўтганимизни баҳолашда “Ким эдигу ким бўлдик?” деган ҳаётий ҳақиқатни асосий ва бош ғоя сифатида белгилаш, мамлакатимизнинг ўтган аср охирида кескин ижтимоий муаммолар гирдобига тушиб қолган, аҳолининг ҳаёт даражаси бўйича собиқ СССРда энг охирги ўринлардан бирини эгаллаган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган, иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, қолоқ аграр республикадан бугунги кунда саноати тез суръатлар билан ўсиб, иқтисодий қудрати ва салоҳияти юксалиб бораётган замонавий давлатга айланганини очиб бериш, юртимиз, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси йилдан-йилга очилиб, тобора обод ва гўзал бўлиб бораётгани, жумладан, аҳолимизнинг асосий қисми яшайдиган қишлоқ жойларда муносиб турмуш шароитини яратиш, намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар ва инфратузилма тармоқларини барпо этиш бўйича амалга оширилаётган дастурларнинг ижтимоий аҳамиятини ёритиш зарурлиги уқтирилган.

Президент ўз қарорида Ўзбекистоннинг халқаро майдонда олиб бораётган, яқин ва узоқ қўшниларимиз билан дўстона алоқалар, ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришга қаратилган ташқи сиёсатини, дунёнинг турли минтақаларида юз бераётган қарама-қаршилик ва тўқнашувларни фақатгина сиёсий музокаралар, тинчлик йўли билан ҳал этиш бўйича ёндашув ва қарашларининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш зарурлигини қайд этган.

SHARE