Туркийларни мўғул дейишдан ким манфаатдор?

Бизким, мулки Турон- амири Туркистонмиз Биз миллатларнинг энг улуғи-туркнинг бош бўғинимиз.

Амир Темур

Мени ранжитган иккита ҳолат  ушбу мақолани ёзишимга туртки бўлди. Амир Темур мўғуллар империясига асос солган буюк саркарда ва давлат арбоби эмиш… Россия телеканалларидан бирида бу ҳақда бир кўрсатув берилди. Кўрсатув давомида бирор марта ҳам туркий атамаси ишлатилмади. Улар бундай буюк миллатни  эътироф этишдан қўрқишадими ёки атайин пастга уриш ва ёмонотлиқ қилиш учун айтишмадими? Буниси менга қоронғу!

Ижтимоий тармоқлардан бирида Регистон манзараси тасвирланган суратни изоҳлаган бир ҳиндистонлик :”Бу ажойиб бинони бизда ҳукмронлик қилган мўғул ҳукмдорининг бобоси қурганми?” деган саволига бир талаба ҳамюртимиз: ”Ҳа, албатта, буни худди сиз айтган  мўғуллар қуришган“, деб жавоб берди. Буниси бояги русларнинг камситишидан ҳам ошиб тушди.

Беихтиёр пири Туркистон Хожа Аҳмад Яссавийнинг  қуйидаги ҳикматини эсладим:

Хушламайдур олимлар бизни ойғон туркийни,

Ориф агар эшитса, очар кўнгул мулкини.

Оят, ҳадис, маънога туркий келса мувофиқ,

Маъно билгон олимлар ерга қўёр бўркини.

Раҳнамодир Хожа Аҳмад, гулистондур маърифат,

Сўзлар сўзи ҳақиқат, очар кўнгул мулкини.

Бобомиз Мир  Алишер Навоий ўз қўллари билан чизган занжирбанд шер буюк туркий қавмларнинг рамзидир. Улуғ мутафаккир шоиримиз ўзининг турк эканлигидан, туркигўй ижодкорлигидан фахрланган:

                     Агар бир қавм, агар юз, йўқса мингдур,

Муайян турк  улуси худ менингдур

***

Шоҳу тожи давлатиким мен тамошо қилғали

Ўзбаким бошида қалпоқ ,эгнида ширдоғи  бас.

Навоий ўз даврида туркий лафзнинг форсийдан қолишмаслигини, бу тилда йирик эпик асарлар яратиш мумкинлигини исботлаб берди. “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида туркий ва форсий тилларни ўзаро чоғиштириб, туркий      тил бойлиги, имкониятлари жиҳатидан ҳеч бир тилдан қолишмаслигини, баъзи хусусиятлари билан кўпгина тиллардан афзал эканлигини кўрсатиб берди. “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида эса 459 нафар туркий тилда ижод қилувчи ижодкорлар ҳақида маълумот беради. Навоий даврига келиб туркий тил юксак тараққиёт даражасига кўтарилди.

Маҳмуд Кошғарийнинг XII асрда яратилган “Девону луғотит турк” асарида туркий тили грaмматикасига оид қимматли назарий маълумотлар келтирилган. Жумладан, туркий тил фонетикасида товушлар ҳарф белгиларига нисбатан кўплиги, 18 та ҳарф белгиси товуш тизимидаги барча товушларни ифодалай олмаслигини қайд этади. Ўрхун-Энасой битиклари, “Қутадғу билиг”, “Ҳибат-ул-ҳақойиқ” асарлари она тилимиз қанчалик қадим тарихга эгалигини исботлайди. Аммо Ғарбнинг Шарққа нохолис муносабати оқибатида мўғул босқинидан кейинги давр мўғуллар номи билан боғлаб талқин этила бошланди. Мовароуннаҳрда яшовчи туркий қавмлар тилини чиғатой тили деб аташ ана шу нохолислик туфайлидир. Бобурнинг Ҳиндистондаги ҳукмронлигини “Буюк мўғуллар империяси” деб аташ, Амир Темурни мўғул ҳукмдори деб талқин қилиш тарихий ҳақиқатни қўпол равишда бузишдан бошқа нарса эмас.

Россия телеканалларидаги нохолислик бугун бўлаётган нарса эмас. Мусо ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Абу Наср Форобий сингари жаҳон илм-фани ва маданиятига бебаҳо ҳисса қўшган қомусий олимлар ҳақида сўз юритилганда, руслар уларни бизнинг ватандошларимиз деб эмас, балки араб олимлари деб талқин этишади. Ҳолбуки, XV асргача илм-фан тили араб тили бўлганлиги сабабли туркийлар орасидан етишиб чиққан буюк олимлар ўз илмий асарларини араб тилида ёзишга мажбур бўлишган. Бундай ҳол рус миллатида ҳам рўй берган. Маълум бир тарихий  даврларда Россияда француз тилининг нуфузи баланд бўлган. Россиянинг ижтимоий-сиёсий, маданияти ва санъати тарихини французлар, шведлар, немислар ёзишган. XVIII асрга келибгина М.И.Ломоносов рус тили грамматикасини яратди ва Россиянинг тарихини рус олимлари яратишлари зарурлиги ҳақида қайғурди. Биз русларга уларга нисбатан бойроқ тарихга ва маънавий юксалишга эга эканлигимизни писанда қилмаяпмиз-ку! XVIII асрдан бошлаб Россия дунё тамаддунида салмоқли ўрин тута бошлагани, қисқа вақт ичида жуда улкан тараққиёт йўлини босиб ўтганлигини эътироф этамиз ва уларнинг босиб ўтган шонли тарихига ҳурмат билан қараймиз. Нега уларда ана шундай холислик йўқ? Нега улар жаҳон цивилизацияси бошида Шарқ турганлигини, туркийлар бу цивилизация бешигини илк тебратганлардан бўлганликларини тан олгилари келмайди? Аммо туркийларни ҳар қанча камситишга, ерга уришга ҳаракат қилишмасин, у буюк миллат бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.

Жамшид ХАЙРУЛЛАЕВ,

НДПИ ҳузуридаги академик лицей инглиз тили ўқитувчиси

SHARE