Тошкентда АҚШ мустақиллигининг 238 йиллиги нишонланди

Американинг Тошкентдаги элчихонасида АҚШ Мустақиллиги куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистондаги дипломатия миссия вакиллари, Ўзбекистон ҳукумати ва парламенти аъзолари, шунингдек, мамлакат сиёсий ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Ўзбекистон ҳукумати номидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов қатнашди. Бу ҳақда элчихонасининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълум қилинди.

Тадбирда сўз олган АҚШ элчиси Жорж Крол ушбу байрамни Американинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида тўртинчи марта нишонлаётганлигини қайд этди. “Катта эҳтимолки, бу менинг Ўзбекистонда бир жойда тўпланиб, дўстларимга, ҳамкасбларимга охирги марта мурожаат қилишимдир”, — деди у.

Элчи 32 йиллик дипломатик фаолияти давомида жуда кўплаб мамлакатларда хизмат қилгани, лекин ҳеч бир мамлакатни осонлик билан тарк эта олмаганини ҳамда бу ҳақиқат Ўзбекистон учун ҳам тааллуқли эканлигини айтиб ўтди. “Ўтган йиллар мобайнида мен мана шу мамлакатни, айниқса, одамларимни ўз халқимдек севиб қолдим, шу даражада улғайдим”, деб сўзини давом эттирди элчи жаноблари.

“Мен ушбу мамлакатнинг барча нуқталарига — унинг тоғли ҳудудларидан чўлу биёбонларига, дарёдан водийларига,  афсонавий шаҳарларидан митти қишлоқларига сафар қилдим. Ҳамма жойда мени фақат меҳмондўстлик ва очиқ чеҳра билан кутиб олишди, мамлакатим ҳақида илиқ сўзлар айтишди”, деди Жорж Крол.

Тадбирда Американинг Le Chat Lunatique  жазз дастаси иштирокида концерт ҳам тақдим этилди.

Эслатиб ўтамиз, Жорж Крол АҚШ элчиси сифатида бу йил ўз фаолиятини якунламоқда, у Қозоғистонда фаолиятини давом эттиради.