Грузиянинг собиқ президенти Эдуард Шеварднадзе 87 ёшида оламдан ўтди

Грузиянинг собиқ президенти Эдуард Шеварднадзе 87 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда “Эхо Москвы” радиостанцияси хабар тарқатди. Маълум бўлишича, у ўз уйида кундузи оламдан ўтган.

Шу муносабат билан қатор сиёсатчилар собиқ президент оиласига ҳамдардлик билдиришмоқда. Хусусан, Россия президенти “унинг оила-аъзоларига, яқинларига ҳамда Грузия халқига чуқур ҳамдардлик билдириши”ни маълум қилди. Михаил Горбачев эса унинг вафотидан ғамга тушганини айтиб, “биз дўст эдик” деб айтди. “У ҳар хил одамлар: ёшлар билан ҳам, кексалар билан ҳам мулоқот қила оларди. Унинг характери яққол намоён бўларди, грузинча хислат эгаси эди”, — деди у, жумладан. Горбачевнинг фикрича, Германиянинг бирлашиши, Хитой билан алоқаларнинг яхшиланишида, АҚШ билан мулоқотда ва албатта, ядровий қуролланишга барҳам беришда Шеварднадзенинг ролини беқиёс.

Эдуард Шеварднадзе 1995 йилдан 2003 йилга қадар Грузия президенти бўлган. У 1965-1968 йилларда Грузия жамоатчилик тартибини сақлаш вазири, 1968-1972 йилларда Грузия ССР ички ишлар вазири, 1972-1985 йилларда Грузия компартияси марказий кенгаши биринчи котиби, 1985-1990 йилларда эса СССР ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган.

Ўлимидан олдин берган интервьюларидан бирида Шеварднадзе унинг Грузия ва СССР тарихидаги ролини келажак авлод ҳал қилишини айтган эди. “Одамлар хотирасида ким бўлиб қолишимни келажак авлод ҳал қилади. Грузия сифатидами ёки СССР ташқи ишлар вазири сифатидами?”, деган эди.

2003 йил ноябрь ойида мухолифат вакилларининг кескин қаршилиги натижасида президентликдан истеъфога чиқади. Қаерга кетиши ҳақидаги саволга шундай жавоб беради: “Уйга. Хотира ёзаман. Давлат раҳбари вазифасини ким бажаришига оид саволингиз менга тааллуқли эмас. Мен ҳал қилмайман. Ўзларингиз ҳукм чиқарингиз”. Унга мамлакатни тарк этиш таклиф қилганда буни рад қилади. “Германияни яхши кўришимга қарамасдан, Грузия менинг ватаним. Шу ерда қолишга мажбурман”, деган эди у.

Хабарларга кўра, Шеварднадзенинг дафн маросими шу йилнинг 13 июль куни бўлиб ўтади.