Ўзбекистонда босқинчи “газчи”лардан бири умрбод озодликдан маҳрум қилинди

Тошкент ва Фарғона вилоятлари, Тошкент шаҳрида кекса аёлларнинг уйларига кириб, босқинчилик билан шуғулланганликда айбланган Ж. Қосимов ва Н. Ўрозовага нисбатан 27 июнь куни суд ҳукми чиқарилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматига таяниб, Kun.Uz хабар бермоқда.

Жиноий гуруҳ аъзолари Ж. Қосимов ва Н. Ўрозова ўзларини коммунал, тиббиёт ёхуд ижтимоий таъминот хизматлари ходимлари сифатида таништириб, кекса ёшдаги фуқароларнинг ишонувчанлигидан фойдаланиб, хонадонларига тўсиқсиз кириб, уларга нисбатан қотиллик, босқинчилик ва бошқа оғир турдаги жиноятларни қасддан содир этганди.

Жиноий гуруҳ узоқ қидирув ишларидан сўнг 2013 йил октябрида қўлга туширилган, уюшган жиноий гуруҳ аъзолари – Ж. Қосимов ва Н. Ўрозовага нисбатан жиноят иши қўзғатилгани, гумонланувчиларнинг барча жиноятчилари фош этилгани ҳақида хабарлар берилган эди.

Хабар беришларича, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2014 йил 27 июндаги ҳукмига кўра, Ж. Қосимов ва Н. Ўрозова Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилди. Ж. Қосимовга умрбод озодликдан маҳрум қилиш, Н. Ўрозовага эса 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

«Шунингдек, суд ҳукмига кўра, Бош прокуратуранинг Ж. Қосимов ва Н. Ўрозовадан жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш ҳақидаги даъво аризаси қаноатлантирилди», – дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида.