Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича “йўл харитаси”ни келишиб олди

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 10 июль куни Оқсаройда расмий ташриф билан мамлакатда меҳмон бўлиб турган Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири Аҳмет Давутўғлини қабул қилди.

ЎзАнинг хабар беришича, Ислом Каримов меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, ушбу учрашув Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолатини баҳолаш, ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг устувор йўналишлари бўйича фикр алмашиш учун қулай имконият эканини таъкидлади.

Аҳмет Давутўғли самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Туркия раҳбарияти номидан Президентимиз ва халқимизга чуқур ҳурмат-эҳтиром изҳор этди. Туркия икки томонлама муносабатларни мамлакатларимиз ва халқларимизнинг узоқ муддатли манфаатларига хизмат қиладиган юксак даражага кўтариш тарафдори эканини таъкидлади.

Аҳмет Давутўғли ўша куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан ҳам музокаралар олиб борди. Худди шу куни оммавий ахборот воситалари учун чиқиш қилган Аҳмет Давутўғли “Мен асли Тошкентданман – Кўнянинг Тошкентидан. Бу бир бахтиёрлигим бўлса, сўнгги 13 йилда биринчи марта Ўзбекистонга келган ташқи ишлар вазири сифатида мени икки карра хурсанд қилади”, деди.

Матбуот анжуманидан онлайн репортаж уюштирган Kun.Uzнинг ёзишича,

Туркия ташқи ишлар маҳкамаси раҳбарининг фикрича, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов, ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, ташқи савдо вазири Элёр Ғаниев билан учрашиб, кенг қамровли музокаралар олиб борди.

“Биз дўстимиз, вазир Комилов билан Ўзбекистон ва Туркия муносабатларини ривожлантириш бўйича бир йўл харитасини келишиб олдик. Бу йўл харитаси ҳақида Президент Ислом Каримовга ҳам маълум қилдим ва у киши буни маъқулладилар”, – деди Аҳмет Давутўғли.

Маълум бўлишича, шу йилнинг февраль ойида Ислом Каримов ва Туркия бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдоған учрашувида бир йилда бир марта ҳам Ташқи ишлар вазири даражасида ҳамда давлат раҳбарлари даражасида учрашувлар ўтказиб турилиши келишиб олинган. Аҳмет Давутўғлининг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо айланмаси ҳозирда 1,3 миллиард долларни ташкил этмоқда, буни эса биринчи босқичда 3, сўнг эса 5 миллиард долларгача оширишга келишиб олинган. Туркия ташқи ишлар вазири Туркия портлари Ўзбекистон компаниялари учун хизматга тайёрлигини маълум қилган. Туркия ташқи ишлар вазирининг қайд этишича, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ҳаво қатновларини кенгайтириш режалаштирилмоқда. Хусусан, Самарқанд ва Бухорога Туркиядан парвозлар йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.

Туркия ташқи ишлар маҳкамаси раҳбари халқаро масалаларда Ўзбекистон Туркияни қўллаб-қувватлаётганини маълум қилди: Туркия 2015 йил учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг аъзолига номзод эди. Бу масалада Ўзбекистон Туркияни қўллаб-қувватлаган. “Бунинг учун Президент Каримовга ҳам, вазир Комиловга ҳам миннатдорчилик билдирамиз”, – деди Аҳмет Давутўғли.

Туркия ташқи ишлар маҳкамаси раҳбари Туркияда Ўзбекистоннинг кўҳна шаҳарларига қизиқиш катта эканлигини маълум қилди.  “Самарқанд, Бухоро, Хива – нафақат Ислом ёки турк маданияти пойтахти, балки башарият маданияти пойтахти бўлишга лойиқ шаҳарлардир. Агар бу шаҳарларни турк маданияти пойтахти этиб сайлаш бўйича таклифлар тушса, биз буни албатта қўллаб-қувватлаймиз”, – Аҳмет Давутўғлидан иқтибос келтиради Kun.Uz.

“Самарқанд қадимдан бизнинг сиёсий пойтахтимиз. Бухоро эса маънавий пойтахтимиз, Бухорийнинг ватани. Хива эса эстетик пойтахтимиздир”, – деди Давутўғли.