Осиё тараққиёт банки Тахиатош ИЭСни модернизация қилишга 300 миллион доллар ажратади

Осиё тараққиёт банки Тахиатош иссиқлик электр станциясини модернизация қилиш учун Ўзбекистонга 300 миллион доллар ҳажмида кредит тақдим қилди. Мазкур лойиҳага биноан, эски блокларнинг ишдан чиқиши муносабати билан иккита янги буғгази ускунасини қуриш кўзда тутилган.

Осиё тараққиёт банки маълумотларига кўра, лойиҳа қиймати 700 миллион АҚШ долларини ташкил қилиб, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт фонди 270 миллион доллар ажратади, “Ўзбекэнерго” ДАК ва Ўзбекистон ҳукумати 130 миллион доллар тақдим қилади. Лойиҳа 2020 йилда якунланиши кўзда тутилмоқда.

Тахиатош иссиқлик электр станциясининг ўрнатилган қуввати 730 МВт бўлиб, биринчи энергетика блоки 1956 йилда, охиргиси (бешинчиси) 1967 йилда ишга туширилган. Мазкур станция Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятини электр энергияси билан таъминлайди.