Ўзбекистонда кредит олишга доир аризалар кўриб чиқилиши ўн иш кунидан уч иш кунига қисқартирилади

Ўзбекистонда кредит олишга доир аризаларнинг банклар ва бошқа ташкилотлар томонидан кўриб чиқилиши муддатини ўн иш кунидан уч иш кунига қадар қисқартиришни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизматининг маълум қилишича, шу йилнинг 11 июль куни парламент қуйи палатаси ялпи мажлисида депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлимини ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ тайёрланган “Микромолиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини муҳокама этишган.

Маълумки, амалда микромолиявий хизматлар кўрсатувчи ташкилот буюртмани олганидан сўнг ўн иш куни ичида уни кўриб чиқиши ва микромолиявий хизматлар кўрсатиш тўғрисида ёки микромолиявий хизматлар кўрсатишни асослантирилган ҳолда рад этиш ҳақида қарор қабул қилиши шарт. Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳаси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг молиявий маблағлардан фойдаланишини яхшилаш орқали уларни ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.

Киритилаётган тузатишга кўра, кредит олишга доир аризаларнинг банклар ва бошқа ташкилотлар томонидан кўриб чиқилиши муддатини ўн иш кунидан уч иш кунига қадар қисқартирилади.