Абдулазиз Комилов Қирғизистон ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов шу йилнинг 16 июль куни Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев билан учрашди. Учрашув “Марказий Осиё — Япония” мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг йиғилиши доирасида бўлиб ўтди.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, икки мамлакат ташқи ишлар маҳкамалари раҳбарлари Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатларининг бугунги аҳволи, истиқболи ҳақида фикр алмашдилар. Учрашув тафсилотлари ҳақида бошқа маълумотлар йўқ.

Мазкур мулоқот гуруҳи йиғилиши ишида Қирғизистон Республикаси президенти Алмазбек Атамбаев иштирок этиши ҳам кутилмоқда. Хабарда айтилишича, мазкур мулоқот гуруҳи Марказий Осиё мамлакатларининг Япония билан барқарор тараққиёт, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, замонавий муаммо ва таҳдидларни муҳокама қилиш учун муҳим майдонни яратади. Мулоқот доирасида Марказий Осиё мамлакатлари ва Япония ўртасида бешта йўналиш белгилаб олинди: сиёсий мулоқот; минтақа ичидаги ҳамкорлик; бизнесни рағбатлантириш; интеллектуал мулоқот; маданий ва гуманитар ҳамкорлик.

Жорий йил ушбу мулоқот гуруҳи ташкил этилганига 10 йил тўлади. Бундан аввалги йиғилишлар Токио, Остона ва Тошкентда ўтказилган.