Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 2014 йилнинг биринчи ярмида 8,1 фоизга ўсди

Ўзбекистон ҳукумати фаолиятининг ярим йиллигини кўриб чиқди. Унда қайд этилишича, жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 8,1 фоизни, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажмлари ўсиши – 8,1 фоизни, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмлари ўсиши – 17,4 фоизни ташкил этди.

Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдоридаги профицит билан ижро этилди. “Инфляция даражаси прогноз параметрлардан ошмади”, — дейилади ЎзА тарқатган расмий хабарда.
Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 10,8 фоизга, чакана товар айланмаси ҳажми – 13,7 фоизга ва пуллик хизматлар ҳажми – 9,7 фоизга ўсди. Мамлакат ялпи ички маҳсулотида хизматлар соҳасининг улуши 2013 йилнинг биринчи ярим йиллиги натижалари бўйича 52,4 фоиз ўрнига 52,7 фоизгача ўсди.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмлари 6,9 фоизга ўсиши таъминланди. Доннинг 8 миллион тоннадан ортиқ рекорд ҳажми етиштирилди ва йиғиштириб олинди. Уй-жойлар қуриладиган янги қишлоқ массивларида 2014 йилга мўлжалланган 11000 та намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уйларнинг 4486 таси фойдаланишга топширилди.

Янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини оширишнинг ҳар йилги дастурини тизимли амалга ошириш туфайли жорий йил бошидан бошлаб 506,4 мингта янги иш ўринлари ташкил этилди. Улардан 303,2 мингтадан ортиғи ёки 59,9 фоизи қишлоқ жойларда ташкил этилди.
“Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган тадбирларни молиялаштиришга барча манбалар ҳисобидан 3,1 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.