Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тарихида илк бор 8 миллион 50 минг тонналик ғалла хирмони кўтарилди

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тарихида илк бор 8 миллион 50 минг тонналик ғалла хирмони кўтарилди. Бу ҳақда президент Ислом Каримовнинг ғаллакорларга йўлланган табригида маълум қилинган.

“Бундан 23 йил олдин биз 21 миллиондан зиёд аҳолимизнинг эҳтиёжи учун зарур бўлган 5 миллион тонна ғаллани четдан, катта-катта маблағлар эвазига, кимларгадир муҳтож бўлиб, ялиниб-ёлвориб олиб келишга мажбур эдик”, — дейилади табрикда.

Табрикда айланишича, бугунги кунда Ўзбекистон 31 миллиондан ортиқ аҳолини ўз дони билан тўла таъминлабгина қолмасдан, балки чет элга ғалла экспорт қиладиган мамлакатга айланди. Ўтган давр мобайнида ўлкада ғалла етиштиришнинг умумий ҳажми 940 минг тоннадан 8 миллион тоннага етиб, ўртача ҳосилдорлик гектарига 17 центнердан 55 центнерга ўсган.

Табрикда айтилишича, Фарғона ва Андижон вилоятларида ўртача ҳосилдорлик 62 центнерни, Самарқанд вилоятида 61 центнер, Бухоро ва Наманган вилоятларида 60 центнер, Қашқадарё вилоятида 58 центнер, Тошкент вилоятида 57 центнер, Навоий вилоятида 55 центнер, Сурхондарё вилоятида 51 центнерни ташкил этган.