АҚШ Россиянинг айрим тармоқларига қарши иқтисодий санкциялар жорий қилди

АҚШ Украинадаги инқироз бошланганидан бери Россияга нисбатан илк марта жиддий иқтисодий санкциялар жорий қилди. Мазкур санкцияга Россиянинг қатор сиёсий ва ҳарбий амалдорлари, шунингдек, банклари, ҳарбий концернлари тушган.

АҚШ молия вазирлиги сайтида эълон қилинган маълумотда келтирилишича, Россиянинг “Алмаз-антей”, “Калашников”, “Созвездие”, “Радиоэлектронные технологии – КРЭТ” концернлари, “Базальт” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, “НПО машинастроения” ҳарбий-саноат корпорацияси, “Конструкторское бюро приборостроения” ва “Уралвагонзавод” санкцияга тушган. Ушбу ҳарбий компанияларнинг АҚШдаги мулки (агар бўлса) музлатилади, Америка компаниялар улар билан бизнес қилиши тақиқланади. “Внешэкономбанк”, “Газпромбанк”, “Роснефть”, “Новатек” компанияларига эса алоҳида санкциялар жорий қилинган. Россия банклари 90 кундан ошадиган муддатга Америкадан кредит ололмайди. Қисқа муддатли молиявий амалиётларни амалга ошириши мумкин. Уларнинг Америкадаги мулклари музлатилмайди.

Амалдорларга жорий қилинган санкцияга кўра, улар АҚШга кира олишмайди, мободо уларнинг АҚШда мулки бўлса, улар ҳам музлатилади.

“КоммерсанЪ” газетасининг ёзишича, ушбу санкциялар бир қатор лойиҳаларни амалга оширишни молиялаштириш масаласини жиддий савол остида қолдиради. Ушбу компаниялар бошқа манбаларни излашга мажбур бўлади.

Россия президенти Владимир Путин ушбу масалада ўз фикрини билдирди. “Шак-шубҳасиз, бу ҳолатда Россия — Америка муносабатларини бош берк кўчага кирит қўяди, унга жиддий зарар етказади. Ишончим комилки, бу Америка давлати, Америка халқининг узоқ муддатли стратегик миллий манфаатлари зарарига ишлайди”, деди Путин.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги ушбу санкцияларга жавобан жиддий жавоб қайтарилишини маълум қилди. Европа Иттифоқи ҳам июль ойи охирига қадар янги санкцияларни жорий қилишни маълум қилди.