Германия Термез халқаро аэропортини кенгайтиришда иштирок этиши мумкин

Германия Термездаги аэропорт кенгайтирилишида иштирок этиши мумкин. Бу ҳақда «Новый век» газетаси хабар тарқатди. Хабарда қайд этилишича, Германия компаниялари ва мутахассисларининг Термез аэропортини кенгайтиришдаги иштирок этиши масаласи Германия Ташқи ишлар вазирлигининг вакили Корд Майер-Клодт ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов учрашувида муҳокама қилинган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати тарқатган хабарда қайд этилишича, учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, шунингдек, Ўзбекистон — Германия турли даражаларда ҳамкорлигининг истиқболлари муҳокама қилинган.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ, Ўзбекистон ҳукумати 2016 йилгача Термез халқаро аэропорти негизида халқаро логистика марказини барпо этишга 10,4 миллион йўналтириши маълум қилинган эди. Ушбу лойиҳани молиялаштириш қисман Европа Иттифоқи комиссияси маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши кўзда тутилган.