БМТнинг инсон тараққиёти индексида Ўзбекистон икки поғона пастлади

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти экспертлари томонидан янги тузилган Инсон тараққиёти индексига кўра, Норвегия дунёдаги энг фаровон мамлакат сифатида тан олинди. Шунингдек, бундай мамлакатлар бешталигидан Австралия, Швейцария, Нидерландия ва Америка Қўшма Штатлари ўрин олди.

Anhor.Uz’нинг ёзишича, инсон тараққиёти индексининг ўртача даражаси бўйича Ўзбекистон 116-ўринни эгаллади. Мазкур индексга кўра Қозоғистон 70-ўринда, Туркманистон 103-ўринда, Қирғизистон 125-ўринда, Тожикистон эса 133-ўринда келмоқда.

Инсон тараққиёти индекси – бу Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури томонидан тузиладиган мамлакатдаги инсон тараққиёти даражасининг умумий кўрсаткичидир. Баъзида ундан “ҳаёт сифати” ёки “турмуш даражаси” каби тушунчаларнинг синоними сифатида фойдаланишади.

Ушбу индекс  мамлакат ютуқларини аҳоли саломатлиги, таълим даражаси, фуқароларнинг ҳақиқий даромади нуқтаи-назаридан ўлчанади.