Ўзбекистон виза эркинлиги бўйича дунё рейтингида 74-ўринни эгаллади

Henley & Partners консалтинг компанияси Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси билан ҳамкорликда дунё мамлакатларининг виза эркинлиги бўйича рейтингини тузиб чиқди. Унга кўра, Финляндия, Германия, Швеция, АҚШ ва Буюк Британия ушбу рейтингни бошқариб турибди. Негаки, ушбу мамлакатлар фуқаролари дунёнинг 174 та мамлакатига визасиз ташриф буюриш имкониятига эга. Кейинги ўнта поғонани эса Европа Иттифоқининг аксарият мамлакатлари, шунингдек, Япония, Жанубий Корея, Янги Зеландия, Норвегия, Сингапур, Швейцария, Австралия, Малайзия ҳамда Исландия мамлакатлари эгаллаган.

Ўзбекистон эса Мали, Гвинея, Того сингари мамлакатлар билан 74-поғонада қайд этилган. Ушбу мамлакатлар фуқаролари дунёнинг 54 та мамлакатига визасиз сафар қилишлари мумкин. Россия эса 38-ўринда қайд этилган бўлиб, руслар дунёнинг 100 та мамлакатига визасиз боришлари мумкин.

Украина 79та, Белорусь 63 та, Молдовия 89 мамлакатга ўз фуқароларини визасиз юбориши мумкин. Қозоғистон фуқаролари эса 66 та мамлакатга бориш имконияти билан 64-поғонадан жой олишган. Тожикистон 75-ўринда, Туркманистон эса 79-ўринда қайд этилган. Қирғизистонликлар эса дунёнинг 58-мамлакатига визасиз сафар қилишлари мумкин.

Рейтингнинг энг охирги ўринларида Афғонистон, Ироқ, Сомали, Покистон жой олган.