АҚШ генерали Тошкентда музокара ўтказмоқда

Шу йилнинг 29 июль куни Ўзбкекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони, генерал Ллойд Остин III билан учрашув бўлиб ўтди. Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарида қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистон — Америка муносабатларининг айрим масалаларини муҳокама қилинди, бир қатор халқаро ва минтақавий муаммолар, шу жумладан, Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши бўйича фикр алмашилди.

Учрашувда АҚШнинг ишлар бўйича вақтинча ишончли вакили Филип Казнет ҳам иштирок этди.

Генерал Ллойд Остин ўтган йили ҳам Тошкентга ташриф буюриб, Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов билан учрашган эди. Ўшанда Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан барқарорлаштириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистонни жорий йилда халқаро коалиция кучлари тарк этади. Ўзбекистон эса бунга ҳали вақт эрта эканлигини таъкидлаб келади. Айниқса, мамлакатда бўлиб ўтган сайлов натижалари иккинчи тури натижалари юзасидан аниқ тўхтамга келинмагани вазиятни янада чуқурлаштирмоқда.

Шундай бўлса-да, АҚШ ҳукумати Ўзбекистонга Афғонистон билан чегара постларини техник жиҳатдан кучайтириш бўйича моддий кўмак ажратишини маълум қилган.