Таниқли спорт шарҳловчиси Давлат Турдиалиев оламдан ўтди

Таниқли спорт шарҳловчиси, ЎзМТРК «Спорт» телеканалининг собиқ директори Давлат Турдиалев 52 ёшида вафот этди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда хабар тарқатилди.

“Давлат ака узоқ йиллар давомида Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида шарҳловчилик қилиб, “Спорт” телерадиоканали директори лавозимигача кўтарилишга муваффақ бўлди. Сўнгги бир йилга яқин вақт давомида соғлиги ёмонлашгани туфайли раҳбар лавозимлигини топшириб, фақат шарҳловчилик билан шуғулланаётганди.

Пешона, тақдир… Бир касалликни тўлиқ даволаб улгурмасидан бошқа касаллик сабаб қадрдон устозимиз бандаликни бажо келтирди”, — деб ёзади “Стадион” сайти.

Kun.Uz’нинг ёзишича, Давлат Турдиалиев фаолияти давомида ЎзМТРКнинг турли телеканалларида спорт шарҳловчиси сифатида фаолият олиб борган, турли йилларда «Ёшлар», «Спорт» телеканалларида футболга ихтисослашган муаллифлик кўрсатувларини тайёрлаган эди. 2009-2013 йилларда ЎзМТРК «Спорт» телеканали директори сифатида иш олиб борган Давлат Турдиалиев сўнгги вақтларда «Спорт» телеканалида шарҳловчи ва кўрсатув муаллифи сифатида фаолият юритаётган эди.

“Давлат Турдиалиев меҳнат фаолияти давомида кўплаб шогирдларни тайёрлаган бўлиб, бугунги кунда улар ЎзМТРКнинг «Спорт» ва бошқа телеканалларида, радиостанцияларда, босма ва электрон нашрларда фаолият олиб боришмоқда”, — дейилади сайт хабарида.

Ижтимоий тармоқларга кўра, Давлат Турдиалиев туғилган она юрти — Фарғона вилоятининг Риштон туманида дафн этилган.