Нуқтаи назар: Сиёсий мустақиллик ҳамма нарсадан устун турмоғи керак

Ўтган ҳафта Ўзбекистон ташқи сиёсатига доир бир муҳим воқеа дунё оммавий ахборот воситаларининг, хусусан, Россия матбуотининг диққат марказидан ўрин олди. Уларнинг хабар беришича, Ўзбекистон ҳукумати АҚШ билан мамлакат жанубида ҳарбий база ташкил этиш бўйича музокара олиб бормоқда. Бу ҳақда биронта ҳам расмий нашр ёки идора ҳеч нарса демаган бўлса-да, рус матбуотида бу хабар жуда тез тираж олиб кетди.

Аввалига АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси, сўнг АҚШ Қуролли кучларининг марказий қўмондонлиги ушбу хабарни рад этса-да, россиялик “экспертлар” ва расмий шахслар бу масалага ўз муносабатини билдиришга улгуришди.

Хусусан, Россия Давлат думасининг МДҲ ишлари, Евроосиё интеграцияси ва ватандошлар билан муносабатлар қўмитаси аъзоси Илья Дроздов “агар Ўзбекистон ўз ҳудудида АҚШ базасини очишга рухсат берса, бунга қарши Россия раҳбарияти даражасида қарор қабул қилиш керак”лигини маълум қилди.

“Агар биз Ўзбекистон бизга бундан буён иттифоқчи эмаслигини билсак — умуман олганда, рақибимизнинг ҳарбий базасини жойлаштирилишига рухсат берилиши ҳам иттифоқчи томонидан қилинадиган хатти-ҳаракат эмас — Россияда бирорта ҳам ўзбекистонлик мигрантни қолдирмаслик учун бир ой етади. АҚШ базасига бориб, пул ишлайверишсин”, – деди Дроздов. Депутатнинг сўзларига кўра, бу америкаликларнинг ҳаракатларига нисбатан “нормал, муносиб муносабат” бўлади.

Ушбу муносабатни таҳлил қилиб, шундай хулоса қилиш мумкинки, Россияда Ўзбекистонга ҳали ҳам “катта оғалик” ҳисси сақланиб қолган. Биринчидан, ҳали ҳеч қандай сиёсий қарор қабул қилинмасдан аввал депутатнинг “чанг чиқариши”ни, ўша депутат айтганидек, “нормал” иттифоқдош ҳаракати сифатида қабул қилиб бўлмайди.

Ўзбекистон мустақил давлат, қолаверса, Афғонистон билан чегарадош мамлакат сифатида ўз хавфсизлиги ҳақида бош қотиришга ҳаққи бор, буни ўзи маъқул деган йўл ва усулда олиб бориши керак. Яъни бу чора-тадбирлар фақат ва фақат Ўзбекистон халқи ва давлатининг манфаатларига хизмат қилиши керак.

Ачинарли тарафи шундаки, Россиядаги ўзбекистонлик мигрантлар, хоҳлаймизми-йўқми, Ўзбекистоннинг мустақил сиёсий қарор қабул қилишида жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Яъни Россия истаган вақтда мигрантларни Ўзбекистонга қарши ричаг сифатида ишлатишга интилиши мумкин. Буни юқорида депутат фикри ҳам тасдиқлаб турибди. Албатта, у Россияда асосий қарор қабул қилувчи эмас, аммо унга ўхшаганлар Россияда истаганча топилади.

Россияда 2-3 миллион нафар ўзбекистонлик бўлса, уларнинг тахминан 800 минги ноқонуний  бўлиб турибди. Улар амалда ҳақ-ҳуқуқсиз. Шунинг учун Ўзбекистон истиқболда мигрантларнинг ҳуқуқий мақомини қатъий белгилаш бўйича Россия ҳукумати билан икки томонлама чоралар кўриши, уларнинг ижтимоий ҳимояси ҳақида тегишли ҳуқуқий чораларни кўриши керак. Йўқса, ҳар бир ноқонуний мигрант Россиядаги ғаразли кучлар учун сиёсий дастак сифатида ишлатилиши эҳтимоли йўқ. Айниқса, Қрим, Жанубий Осетия ва Абхазия воқеалари шуни кўрсатдики, Россия ҳар қандай шароитда инсон омилидан “самарали” фойдаланишга ҳаракат қилади.

Тўғри, кўпчилик Ўзбекистон аввал одамларни иш билан таъминласин, кейин уларга эътироз билдирсин, дейдиганлар ҳам йўқ эмас. Албатта, Ўзбекистонда бугун аҳолини иш билан таъминлаш бўйича анча ишлар қилинмоқда, афсуски, булар камлик қилмоқда.

Лекин глобал миқёсда шаклланган бугунги шарт-шароит шуни тақозо қилмоқдаки, давлат ҳеч бир ташқи давлат ёки институтларга сиёсий ва иқтисодий қарам бўлмаслиги керак. Буни ҳар бир ўзбекистонлик чуқур тушуниб етиши лозим.

 

Мурод ҒОФУРОВ.