The Economist: менинг “CASA”м — сенинг “CASA”нг эмас

Яқинда нуфузли The Economist нашри Жаҳон банки шафелигида амалга оширилиши режалаштирилаётган CASA-1000 лойиҳаси ҳақида мақола чоп этилди.

Унда қайд этилишича, Афғонистондаги уруш, коррупция, минтақавий рақобат: яқингача булар 1,2 миллиард долларлик, АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган ҳамда Марказий Осиё эҳтиёжидан ортган электр энергиясини чанқоқ Афғонистон ва Покистонга юборишда асосий тўсиқ бўлиб хизмат қилаётган эди. Эндиликда яна бир тўсиқ пайдо бўлди: Марказий Осиёда ортиқча электр энергияси бўлмайдиганга ўхшайди.

Бундан 8 йил  муқаддам эълон қилинган мазкур лойиҳа концепцияси оддий эди. Яъни ёзда, Афғонистон ва Покистон электр энергия катта эҳтиёж сезганда, Тожикистон ва Қирғизистон эплай олмайдиган музликлар эриши ҳисобига гидроэлектр станциялари резервуарларини тўлдириш режалаштирилган эди. Ғоя табиатни назорат қилиш орқали электр энергия ишлаб чиқариш ҳамда уни транзит линиялари орқали эҳтиёжманд мамлакатларга етказиб беришдан иборат эди. Қишда дарёлар музлагач, мазкур икки собиқ Иттифоқ давлатида электр танқислиги бошланади. Ишлаб чиқилган барча электр энергияси ички эҳтиёжни қондиришга йўналтирилади.

Аммо йиллар давомида Ғарб мамлакатлари ҳукуматлари CASA-1000 деб ном олган 1200 километрлик электр линиясини қўришни муҳокама қилиб юрган пайтда Тожикистон ва Қирғизистонда электр тақчиллиги янада ёмонлашди. Жорий йилда Қирғизистон сувни қиш учун резерв қилиш учун Тожикистондан электр харид қила бошлади.

Маҳаллий электр танқислиги, аввало, совет даврида барпо этилган инфтратузилманинг самарасизлиги, давлатнинг энергия бозорини монопол қилиши оқибатида шаклланган. Транзит линиясини барпо этиш тарафдорлари мазкур лойиҳа ушбу муаммоларни бартараф этишини қайд этишар эди. Покистон электр энергияси уч баравар қиммат нархда ҳақ тўлаши лозим эди. Лойиҳани амалга ошириш учун молиявий манбалар ҳам мавжуд эди. Масалан, Жаҳон банки 530 миллион доллар миқдорида грант ва имтиёзли кредит беришга, АҚШ Давлат департаменти эса 15 миллион доллар таклиф қилди. Назарий жиҳатдан олиб қараганда, лойиҳани амалга ошириш тўрт мамлакат томонидан ўзаро битим имзоланаши қолган, холос.

Яна бир тўсиқ ҳам мавжуд. Бу сиёсийдир. Америка CASA-1000 лойиҳаси ўзининг жозибасиз “Янги ипак йўли” лойиҳасига қувват бағишлашига умид билдираётган эди. Бу лойиҳа ўша пайтдаги Давлат котиби Ҳиллари Клинтон томонидан илгари сурилган эди. Ушбу лойиҳанинг ғояси шунда эдики, собиқ Иттифоқ давлатларининг Афғонистон билан савдо алоқаларини янада яхшилаш ҳамда инфратузилмасига ёрдам бериш орқали Россиянинг уларга бўлган таъсирини камайтиришни кўзлаган эди. Аммо АҚШ ўзининг Афғонистондаги хатти-ҳаракатларига хотима ясаши ортидан ўз таъсирини янада камайтириб юбормоқда. Жорий йил июнь ойида АҚШ ўзининг Бишкекдаги ҳарбий базасини тарк этди. Унинг ўрнига Хитой турли энергетика лойиҳалари билан кириб келмоқда, Россия ҳам қатор Марказий Осиё мамлакатларини ўзининг “иқтисодий-сиёсий” иттифоқига жалб қилиш чораларини кўрмоқда.

Электр энергияси лойиҳаси ундан фойда олиши мумкин бўлганлар ўртасида турли қарашлар борлигини кўрсатмоқда. Тожикистон ва Қирғизистон ўз ҳудудида гигант тўғонлар қуришни режалаштирмоқда. Таабийки, Ўзбекистон бундан хавотирга тушмоқда, негаки у сув таъминотидан қуруқ қолиши мумкин.

20140726_ASM953

Тожик расмийлари эса янги электр линияси ва орзу тўғони бўлмиш Роғун дунёдаги энг баланд ва ажралмас лойиҳаси бўлишини қайд этишмоқда. “Агар Роғун барпо этилса, нафақат ўзимизни электр билан таъминлаймиз, балки Афғонистон ва Покистонга экспорт қилишимиз мумкин. Араблар нефть сотганидек биз электр энергиясини пуллаймиз”, — дейди Тожикистоннинг энг улкан ГЭСи раҳбари Давлатбек Салолов. Қолаверса, буни Тожикистоннинг амалдаги режими ҳал қилади. Электр энергияси ҳукуматнинг севимли лойиҳаси Тожикистон алюминий заводи эҳтиёжларига ҳам йўналтирилиши мумкин. Бу заводнинг даромадлари кимнинг чўнтагига бориб тушишини аниқлаш жуда мушкул.

Қарз ботқоғига ботган Қирғизистонда бу лойиҳани қўллаб-қувватлаш ҳам анча шубҳали. Мамлакат расмийлари гўёки улар бу лойиҳага қўшилишга мажбурланаётгандек маҳаллий электр танқислиги ҳамда лойиҳани амалга оширишга 200 миллион доллар ажратиши кераклигини оғриқ билан тилга олишмоқда. Бишкекдаги ЮНИСОН ташкилоти раҳбари Нурзод Абдурасулованинг айтишича, мазкур лойиҳа даромад кўришга қаратилмаган ҳамда электр энергияси Тожикистон билан ихтилоф ҳолатда ишлаб чиқарилади. Икки давлатда шундоқ ҳам чегарадаги танглик боис бир-бирига анча эътирози йиғилиб қолган. Бу, шак-шубҳасиз, бундай лойиҳага фундамент қўйиш учун жуда ноқулай муҳитдир.

P.S.:

Эслатиб ўтамиз, ушбу лойиҳада иштирок этишдан Ўзбекистон ҳукумати бош тортган эди.

Шу йилнинг 18 июль куни Алматида бўлиб ўтган Жаҳон банки конференциясида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов CASA-1000 лойиҳаси ҳақида Ўзбекистон муносабатини билдириб ўтган эди.

“Биз афсус билан шуни таъкидлашга мажбурмизки, Жаҳон банкининг хатти-ҳаракатларида аниқ ва равшан мантиқий изчилликни кўрмаяпмиз. Жорий йилда Жаҳон банки CASA-1000 юқоривольтли электр линиясини қуриш лойиҳасини молиялаштиришни ҳамда амалга оширишни тасдиқлади. Ваҳоланки, ушбу лойиҳа етарли даражада электр ишлаб чиқариш манбаларисиз,  линия ўтказишнинг аниқ йўналишларисиз, транзит вақтида электр энергиясининг жиддий йўқотишларга учрашини ҳисобга олмаган ҳолда, маблағ киритишнинг якуний қийматисиз, электр энергия транзити учун тариф ва нарх параметрларини келишмасдан маъқулланди”, — деди Азимов.

Бош вазир биринчи ўринбосарининг сўзларига кўра, ҳар қандай иқтисодчига энергетика соҳасида ҳар қандай инвестиция лойиҳасини шакллантирадиган мазкур асосий маълумотларсиз ушбу лойиҳани тасдиқлаш ва уни амалга оширишга киришиш хомхаёлдан бошқа нарса эмаслигини яхши тушунади. Ҳозирги кунда Қирғизистоннинг ўзи ёз вақтида 500 миллион Квт соат электр энергиясини харид қилишини инобатга оладиган бўлсак, CASA-1000 лойиҳасининг асосланмаганлигини ҳамда сунъий жадаллаштирилаётганини кўрсатади.

“Осиё тараққиёт банки ва Ислом тараққиёт банки ушбу лойиҳаларни юқорида қайд этилган сабаблар туфайли молиялаштиришдан бош тортгани бежиз эмас. Шундай бўлса-да, Жаҳон банки томонидан лойиҳа тасдиқланган”, — деб хулоса қилади Рустам Азимов.