Ташқи ишлар вазирлиги: Ўзбекистон ҳудудида ҳарбий база очилишига йўл қўйилмайди

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати бир қатор оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон ҳудудида АҚШ ҳарбий базаси очилиши юзасидан музокаралар олиб борилаётгани ҳақидаги хабарлар юзасидан “Франс-пресс” ахборот агентлиги сўровига жавоб берди. Унда қайд этилишича, 2012 йил 10 сентябрь куни тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ташқи сиёсий фаолияти концепциясига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси “ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўймайди”.

Аввал хабар берилганидек, бир қатор интернет нашрларида Ўзбекистон ҳудудида АҚШ ҳарбий базаси очилиши ҳақида хабарлар тарқаган эди. АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги матбуот котиби майор Брайан Фикель ушбу хабарни рад қилди. “генерал Ллойд Остин АҚШнинг Ўзбекистонда қандайдир ҳарбий база очиш ҳақидаги режаларидан хабари йўқ. У Ўзбекистон раҳбарияти билан ушбу масалада музокара олиб боргани йўқ.”

Унинг қайд этишича, генерал Остин сафари давомида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва бошқа амалдорлар билан мулоқот олиб борди. “Уларда қўшни Афғонистондаги ҳарбий амалиёт муҳокама қилинмади”, деди АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги матбуот котиби.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ АҚШ элчихонаси бу хабарларни рад қилди. Элчихона вакилининг “Новый век” газетасига маълум қилишича, “Американинг Ўзбекистонда ҳарбий база очишга қаратилган ҳеч қандай режалари, хатти-ҳаракати ёки музокаралари олиб бораётгани йўқ ва бўлмайди ҳам”.