Ўзбекистонлик режиссёрнинг “Тоға” фильми халқаро фестиваль гран-присини қўлга киритди

Ўзбекистонлик режиссёр Рашид Маликовнинг “Тоға” картинаси “Оила даврасида” халқаро театр ва кино фестивалининг Гран-присига сазовор бўлди.

“Тоға” трагикомедиясида асосий ролни ижро этган Бобур Йўлдошев фестиваль ҳайъати томонидан энг яхши бош роль ижрочиси сифатида тан олинди.

Фильмда тасвирланган воқеалар ўтган асрнинг 80 йилларида Бухоро шаҳрида бўлиб ўтади. Отасиз оилада вояга етаётган Санжар ёзги таътил даврида тоғасининг уйига меҳмонга бориб, бир муддат у ерда яшайди. Унинг тоғаси – Жумаш ака табиатан қувноқ, ҳазилкаш инсон. Бироқ турмуш ўртоғи билан бефарзандликдан азият чекади. Турли юмушларда тоғасига қарашган Санжар қатъият, ирода, мақсад сари интилувчанлик, меҳнатсеварлик, ҳалоллик каби фазилатларни айнан тоғасидан ўрганади. Бу фазилатлар унга келгусида яхши инсон, моҳир шахматчи бўлиб шаклланишида асосий омил вазифасини ўтайди.

Фильм ўғил-қиз тарбияси, камолотида ота-онанинг масъулияти, бурчи ҳақида қизиқарли воқеалар, лавҳалар ёрдамида ҳикоя қилади.

Сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёр — Рашид Маликов. Фильмдаги асосий ролларни Бобур Йўлдошев, Борис Ғафуров, Нигора Каримбоева, Аббос Ниғмонов, Феруза Собитова, Али Чориев, Раъно Шодиева сингари актёрлар ижро этган.

“Ҳиссиётларимни сўз билан айтолмайман, ҳаётимда жуда камдан-кам бундай ҳаяжонланганман. Ниҳоят, Иркутскда бўлиш орзуим рўёбга чиқди”, дея иқтибос келтиради РИА Новости фильм режисёри Маликовдан.

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига кўра «Ўзбекфильм» киностудиясида суратга олинган.