Согдиана Ўзбекистонда концерт беришга лицензия ололмади

Ўзбекистонлик таниқли хонанда, Россия шоу-бизнесида ҳам ном чиқарган Согдиана турли сабабларга кўра концерт беришга лицензия ололмаганини қайд этди.

У “Даракчи.Uz” газетасига берган интервьюсида ҳозирда ижодини ватанида (Ўзбекистонда) давом эттириб, ўзбек тилида қўшиқлар ёзаётганини айтади. “Масалан, “Не молчи” қўшиғим икки тилда ёзилган. Райҳон билан ҳам дуэт куйладик. Концертлар масаласига келсак, маълум сабабларга кўра Ўзбекистонда концерт беришга лицензия ололмадим. Бир қатор режаларим бор эди, лекин хоҳиш ва имконият бир-бирини рад этяпти. Шунинг учун бор кучни қаерда бўлмасин ижодимни ривожлантиришга қаратяпман”, — деди хонанда. Хонанда Ўзбекистонни жуда яхши кўришини, шу сабаб ҳам “Фабрика”дан кейин Россияда муҳим лойиҳаларда иштирок этмай, юртига қайтганини айтади.

Ўзбекистонда концерт тадбирларига лицензия бериш “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ваколатига киради. Бирлашмада қатор хонандаларнинг лицензиясини бекор қилиш амалиёти мавжуд.