Ҳалима Худойбердиева: “Бугун устоз-шогирдлик анъанасига дарз етгани рост”

— Шеър — бу сир, — дейди шоира. — Ўзим шеър нима эканини билганимда ёзмаган бўлармидим, балки. Шеър мен учун сирлигича қолгани сабаб ҳам умр бўйи унга талпиниб яшаётгандирман, эҳтимол. Гоҳида шеърни изоҳлаб беринг, дейишади. Шеърни изоҳлаб бўлмайди. У қалб қўридан яралади ва тўғри юракка етиб боради. Демак, шеър­ни юракда ҳис этиш керак, холос.

— Эшитишимча, шеър­­­ларингизни асосан тунда ёзар экансиз…

— Бир умр тунда ижод қилганман. Назаримда, руҳ тунда покиза бўлади. Тун ва руҳ билан юзма-юз қоласан, ана шунда сатрлар дилдан тўкилади. Бу пайтда қанот ёзгандек бўламан.

— Ижодкорнинг эринчоқлигига қандай қарайсиз?

— Дангасалик ишда бўлади, ижодда эмас. Бундай одам умр бўйи шоир деган залворли номни кўтариб юради, аслида эса шоир бўлмайди. Чунки у ижодга мажбурий иш деб қарайди. Ижод эса, умуман бошқа ҳолат. У ҳаловатни ўғирлайди, ёзмасликнинг иложи қолмайди. Ижод бу — азоб. Қалб азоби. Ижодкор шу азобни бўйнига олсагина ижодкор. Гоҳида «фарзандларингиз ижодкор бўлишини истармидингиз?», де­йишса, ўйланиб қоламан. Чунки фарзандларимга бу азобни раво кўрмайман, лекин тақдир инъом этган бўлса, ундан қочиб қутулиш мушкул.

—  Инсон ҳаёт йўлини бир қур кузатганида, истайдими-йўқми, болалик хотиралари ёдга тушади…

— Энг покиза хотиралар болаликдан эсдаликдир. Боёвутнинг йўлидан бурилишим билан ҳатто, тераклар ҳам «Мени танияпсанми», деяётгандек бўлаверади. Мен ҳам уларга ичимда ўзимча жавоб бераман. Онам агроном эди. Тўқ кўк оти бўларди. «Олақашқа» эди, номи. Еттинчи синфда шу от тўғрисида шеър ёзганман. Энди ижод қилишни бошлаганимда онам келиб чироқни ўчириб кетарди. Чиқиб кетгач, яна туриб чироқни ёқардим. Онам ўчирардилар, мен ёқардим. Шу тариқа тонггача онам хонамга қатнарди.

— Устозларингиз ва шогирдларингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз.

— Мактабда ўқитувчиларим жуда эътиборли эди. Кейинги таҳсилимда ҳам устозларнинг ёрдами жуда катта бўлган. Аслида, энг катта устоз бу — китоблар. Шунинг учун ҳам умрининг сўнггида Пушкин ўз китоб­ларига қараб «Алвидо, дўстларим!» деган экан.

Шогирдлар ҳақида гапирсам, Гулжамол Асқарова қалбни уйғотувчи шеър­лар ёзади. Гоҳида иш сени ютиб кетяпти, деб койийман. У бўлса, «устознинг изидан боряпмиз-да», деб қўя қолади. Аммо ишини ҳам, ижодни ҳам эплаяпти.

Баъзан эндигина ижодга кириб келаётган ёшлар ҳам биттагина шеъри билан чақнайди. Шундай пайт­да Чарли Чаплиннинг қизига ёзган мактублари ёдимга тушади. У қизига шундай ёзади: «Қизалоғим, сен жаҳонни ларзага соладиган актрисасан. Кун келиб бундан ҳам юқори марраларни забт этасан. Аммо ўшанда ҳам эсингдан чиқарма, сен саҳнада ўйнасанг, чекка-чекка қишлоқларда, тупроқ кўчаларни чангитиб юрган қизларнинг орасида сендан ҳам чиройли роль ўйнайдиганлари бўлади. Сен саҳнада ўйнасанг, улар ялангоёқ ой нурида ўйнайди. Сендан чиройлироқ ўйнайдиган шу қизлар,  тақдир сабаб, одамлар назаридан четда бўлади».

Ҳа, биз билмаган истеъдодлар, иқтидорлар юртимизнинг чекка-чекка жойларида минглаб топилади, десам, муболаға қилмаган бўламан.

—   Шеъриятга қадам қўяётган ижодкорларни ҳар доим қўллаш керак, демоқчисиз-да?

«Аёнсан, лек парво қилмайди олам,

Хавотир бундан ҳар айём олурман»,

— дейди Бедил. Адабиётда ҳам қанчалик аёнлигингизни кўрсатманг, парво қилишмаса ҳаммаси бекор. Шундай экан, чарақлаб чиқаётган ҳар бир  ёш ижодкорга эътиборли бўлиш, қучоқ очиб кутиб олиш даркор. Аксинча, шашти қайтарилса, бош­қа қўлига қалам олмаслиги мумкин. Биз шундан эҳтиёт бўлишимиз керак.

— Аммо бугун устоз-шогирдлик анъаналари бироз сусайгандек, назаримда.

— Мен устоз-шогирдлик муносабати ҳақида ўйлаганимда Румий ва Табризий ўртасидаги муносабат эсимга тушади. Устоз-шогирд бир-бирига шундай муҳаббат қўйишган эдики, уларнинг муносабатига ғайирлиги келганлар душманлик йўлига ўтишади ва охир-оқибат Табризийни ўлдиришади. Румий эса бунга чидай олмайди. У шогирдининг хотирасини абадийлаштириш учун севимли шогирдининг номидан ғазаллар битади. Ҳар ерда Табризийнинг номини такрорлайди. Албатта, уларнинг муносабатлари устоз-шогирдликнинг энг юқори чўққиси эди.

Бугунги устоз-шогирдлик муносабатларига келсак, анъанага дарз етгани рост. Балки, бунга сабаб ўзимиздир, балки ҳаёт ҳақиқатларининг ўзгаришидир. Яна ҳам билмадим…

— Бугунги кунда шеъриятда қизлар фаолроқдек, аммо барибир, бу даргоҳда, менимча, йигитлар қолишади.

—   Қизларда йигитларга нисбатан туйғу тез туғилади. Бироқ ижод азобини кўрсатгач, кўпчилик бунга дош беролмайди. Юк енгил бўлмагани учун оила ва ижодни бирдай эплашолмайди. Шунинг учун, қизларга маслаҳатим, бошидан эплай оладиган ишининг бошини тутса, жамиятга, оиласига, ўзига кўпроқ фойдаси тегади. Ўртамиёна ижодкор бўл­гандан кўра, бу яхшироқ.

— Сизнингча, бугунги ва илгариги авлод ижодкорлари ўртасида фарқ кўринадими?

—   Олдинги болаларнинг умри далаларда, боғларда, қирларда кечган. Техника асри эса ҳиссиётларнинг сайқалланишини ортга суряпти. Ёшлар жонли табиат билан муносабатда бўлиш ўрнига компьютер олдига михланиб қолган.

— Модерн шеърият тўғрисида турли фикрлар билдиришади. Кўп­­чилик бу йўналишдан чекиниб, анъанавий услубни маъқул кўришади…

— Ҳамма ўзини истаган услубида синаб кўриши мумкин, фақат фикрини етказиб берса бас. Ҳар томонга шох ташлаб ҳам ўқувчига нима демоқчилигини етказа олмаётганлар хавотир уйғотади, аслида. Мақсад эса битта — юракда кечаётган туйғуни ўқувчига чиройли тарзда етказа олиш.

 

 

Ватан байроғи

Юрт байроғин ҳар жойгамас,

Кўнглингга эк. Кўксингни ўй.

Ишлов бергин, юмшатиб тур

Илдиз отсин, кўрсатсин бўй.

То бу байроқ, Ватан, нурлар

Ич-ичингга кетсин кириб.

Токи ғаним — ватанхўрлар,

Ололмасинлар суғуриб.

Шундай ўргат қулни, хонни,

Учмас қуш ҳам учар бўлсин.

То байроқдан олдин жонни

Бермоқ осон кечар бўлсин.

 

Cув узатар томирим

(Амир Темур юбилейи кунларида ёзилган)

Тоғлар энгашиб келар,

Боғлар эргашиб келар,

Қушлар энгашиб келар,

Рост бўлдими, бобожон,

Юртга қайтаётганинг!

Бизни кўзга илмаслар

Илиб қайтаётирлар,

Бизга қовоқ уйганлар

Кулиб қайтаётирлар,

Бўйларини бизга тенг

Қилиб қайтаётирлар.

 

Инсонни ҳам, элни ҳам

Тоғлари бўлсин экан.

Ҳар қандай кунда умид

Боғлари бўлсин экан.

 

Сен кетиб тоғсиз қолиб,

Изғиринда изғидик.

Япроқлардек бенажот

Поймол бўлдик, тўзғидик.

Ҳай дегани ҳажи йўқ

Болаларинг қирдилар.

Боши бирикмас, оғзи

Олаларинг қирдилар.

Териб-териб қирдилар,

Эриб-эриб қирдилар,

Сени кетказиб, ҳалқни

Жон-жойига урдилар.

 


 

Шундай урдилар ҳануз

Ўзига келолмайди.

Тортилиб қолган тили

Сўзига келолмайди.

Кўз ёши кўкрагидан

Кўзига келолмайди.

Турк туёғи шу тахлит

Ботқоқларга ботибди.

Шундай кунда шоҳ Амир

Юртга қайтаётибди!..


Қайтар турк дарахтимга

Сув узатар томирим.

Энди кўкаражакмиз,

Гуллагаймиз, Амирим.


Инсон аслан буюк, аслан бечора…

Оҳим  дилингизга йўл топса зора.

Қўлингиздан келса қилманг овора,

Шул ёлғиз инсонни туҳматга берманг!

 

Бир-бирини селу тошқин қўллайди,

Қайда бўлса етиб, шошқин қўллайди.

Бир-бирини бўри, қашқир қўллайди,

Сиз уни синовга, муҳлатга берманг!

 

Кўпдир замонларнинг қимор ўйини,

Қирқадир одамнинг эни-бўйини —

Қўлингиздан келса кўринг тўйини,

Уни ҳар қандай дор, хилқатга берманг.

 

Ўчмас деб ишонинг босган изига,

Паноҳ деб ишонинг ўғил, қизига.

Ўзига ишонинг, фақат ўзига,

Тушунтириш хати, тилхатга берманг!

 

Нопок дунёсидан кетмасин тўйиб

Десангиз юрагин ғижимлаб, ўйиб,

Йиллар бўйи ўтмас пичоқда сўйиб

Қадрсизлик деган калхатга берманг!

Инсон аслан буюк, аслан бечора.

 

 «Оила даврасида» мухбири

Гўзалой МАТЁҚУБОВА

суҳбатлашди.