Осиё тараққиёт банки Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодий прогнозларини қайта кўриб чиқди

Осиё тараққиёт банки Россия иқтисодиётида ўсиш суръатларининг пасайиши Марказий Осиё мамлакатларига юборилаётган пул ўтказмалари миқдорининг камайишига ҳамда ушбу минтақанинг экспорт салоҳиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини маълум қилди. Банк таҳлилчиларининг фикрича, бу Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистондаги иқтисодий ўсишнинг сусайишига сабаб бўлиши мумкин.

Кўриб чиқилган прогнозлар Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон иқтисодиёти ўсиш суръати прогнозлари бажарилиши натижасида кутилганидан кучсиз бўлиб чиққан. Хусусан, Қозоғистон 2008 — 2009 йилги глобал молиявий-иқтисодий инқироздан сўнг энг паст иқтисодий ўсиш суръатлари бўйича маълумотларни ошкор қилган. Унга кўра, мамлакат иқтисодиёти 2014 йилнинг биринчи чорагида 3,8 фоиз ўсган. Бу эса ҳукуматни иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш учун 2014 — 2015 йиллар учун 5,5 миллиард доллар ажратишга ундади.

Осиё тараққиёт банки 2014 ва 2015 йиллар учун Марказий Осиёда ялпи ички маҳсулот ўсиши 6,5 фоиз миқдорида берилган бўлиб, у қайта кўриб чиқилган ҳамда тегишинча 2014 йилда 6,3 фоиз, 2015 йилда 6,1 фоиз миқдорида прогноз қилинган.

Ўзбекистонлик маҳаллий экспертларнинг фикрича, Россиядаги танг иқтисодий вазият Марказий Осиёнинг ўртача иқтисодий ўсишига салбий таъсир кўрсатса-да, айрим мамлакатлар, хусусан, Ўзбекистон иқтисодий ўсишига жиддий таъсир кўрсатади, деб бўлмайди. Масалан, Россиянинг Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги улуши 25 фоиздан ортиқ бўлса-да, бу асосан энергетика билан боғлиқ. Шунинг учун бу тармоқларда ўзаро товарайирбошлашда тушиш бўлиши эҳтимоли жуда паст. Қолаверса, Ўзбекистоннинг Россияга озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ортиши мумкинлиги ҳисобга олинадиган бўлса, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти катта йўқотишга учрамайди.

Агар мигрантлар юборадиган пул оқими камаядиган бўлса, бу ялпи ички маҳсулот шаклланишида бевосита иштирок этмаслиги сабабли истеъмол қувватининг тушишига олиб келса-да,  ЯИМнинг қисқаришига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатмайди. Негаки, экспертларнинг фикрича, мигрантлар маблағлари ҳали қонуний иқтисодиётга интеграция бўлишга улгургани йўқ.