ОАВ: ҳокимликларга аёлларнинг хорижга чиқиши учун рухсатнома бериш мажбурияти юкланмаган

Тошкент шаҳридаги туман ҳокимликлари уларга аёлларнинг хорижга чиқиши учун рухсатнома бериш мажбурияти юклангани ҳақидаги хабарларни рад этди. Podrobno.uz хабарига кўра, аввалроқ, бир қатор ахборот манбаларида Ўзбекистонда 2014 йил 1 августидан бошлаб 35 ёшга тўлмаган аёллар хорижга чиқиш учун туман ҳокимлигидан қўшимча рухсатнома олиши кераклиги ҳақида хабарлар пайдо бўлган.

Унга кўра, ўзбекистонлик аёллар чет элга чиқишга рухсат берувчи виза (ОВИР)ни олиш учун ҳокимликдаги суҳбатдан ўтиши керак; бироқ унгача бундай амалиёт фақат туман ички ишлар бўлимида кузатиларди.

Kun’нинг ёзишича, Тошкент шаҳри Олмазор, Юнусобод ва Ҳамза тумани ҳокимликлари бу каби фаолият билан шуғулланмаётганини маълум қилишган. Юнусобод тумани ИИБ ҳам бундай ваколат туман ҳокимликларига ўтказилгани ҳақида маълумотга эга эмаслигини маълум қилган.

Podrobno ахборот агентлиги аҳоли орасида бу борада турли миш-мишлар кўпаётганини, ижтимоий тармоқларда фаол муҳокама қилинаётганини ёзади. Агентликка кўра, чет элга чиқиш учун ҳақиқатан ҳам туман ҳокимлигида суҳбатдан ўтган бирорта ҳам одам ҳозирча топилгани йўқ.