Ўзбекистон юқори сифатли ун импорти ҳажмини кўпайтиради

Ўзбекистон 2014-2015 йил мавсумида ғалла импортини амалдаги 1,9 миллион тоннадан 2,1 миллион тоннага оширади. Бунга мамлакат ички бозорида юқори сифатли унга эҳтиёж ортгани сабаб бўлган. Бу ҳақда АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги хорижий аграр хизмати ҳисоботида маълум қилинган.

Ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистоннинг жорий мавсумдаги ғалла эҳтиёжи 8,65 миллион тоннага етиб, 7 фоизга ўсади. Ғалланинг 1,95 миллион тоннаси ем-ҳашак учун ишлатилади (+ 16 фоиз).

Ўзбекистонда сўнгги йилларда ун ишлаб чиқариш бўйича тегишли чоралар кўрилган бўлса-да, мамлакат йирик импортёр давлатлардан бири бўлиб қолмоқда. АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳисоботида айтилишича, мамлакатда аксарият новвойхоналар юқори сифатли қозоқ унини ишлатишни афзал кўришади. Ўзбекистон ун импортининг 90 фоизи Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади.

Жорий йилда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тарихида илк бор 8 миллион 50 минг тонналик ғалла хирмони кўтарилди. Унинг қарийб 90 фоизи буғдой, 10 фоизи арпани ташкил қилади.