Ўзбекистон — Туркия автомобиль транспортида йўловчи ва юк ташиш тўғрисида битим имзолайди

Ўзбекистон ва Туркия ҳукуматлари ўртасида халқаро автомобиль транспорти орқали йўловчи ва юк ташиш тўғрисидаги битимини имзолайди. Бу шу йилнинг 12-13 август кунлари Тошкентда  бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Туркия Автомобиль транспорти бўйича қўшма комиссия йиғилишида кўриб чиқилган.

Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати хабар беришича, томонлар ушбу битим лойиҳаси борасида ўзаро келишувга эришган ҳамда битимни имзолаш жараёнларини бошлаш бўйича қарор қабул қилинган.

Томонлар, шунингдек, автомобиль транспорти орқали юк ташиш борасида ишлатиладиган рухсатнома бланкаларига доир масалаларни ҳам кўриб чиқишди. Туркия томони автомобиль транспорти орқали юк ташувчиларнинг талаби ва эҳтижёларини назарда тутган ҳолда 2014 йил учун 3500 дона қўшимча рухсатнома бланкаси сўраган.

Ўзбекистон томони эса икки мамлакат ўртасида халқаро юк ташишни ривожланишига ҳисса қўшиш мақсадида ҳамда мавжуд статистик маълумотларни эътиборга олган ҳолда, ўзаро 2000 дона рухсатнома бланкасини алмашиш борасида розилик билдирган.

Томонлар йил давомида ўзаро эҳтиёжлардан келиб чиқиб, қўшимча рухсатнома бланкаларини алмашиш борасида ҳам келишиб олдилар. Туркия томони 2015 йил учун 20000 дона рухсатнома бланкаси сўраган. Томонлар 2015 йили учун рухсатнома бланкаси миқдорини 2014 йилнинг октябрь ойигача дипломатик каналлар орқали аниқлаштириб олишга келишдилар.