Ўзбекистонда Абу Райҳон Беруний меросини ўрганиш бўйича марказ ташкил этилади

Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида буюк мутафаккир, қомусий олим Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний меросини ўрганиш бўйича илмий марказ ташкил этилади. Бу борадаги ишлар ЮНЕСКО томонидан молиялаштирилади.

Улуғ қомусий аллома Абу Райҳон Берунийнинг 150 дан зиёд илмий ишларидан бизгача фақат 31 таси етиб келган.

Беруний дунё илм-фанида биринчилардан бўлиб денгизлар назарияси ва Ернинг шарсимон глобусини яратиш юзасидан ўзига хос янги ғояларни таклиф этди, Ер радиусини ҳисоблаб чиқди, вакуум, яъни бўшлиқ ҳолатини изоҳлаб берди, Колумб саёҳатидан 500 йил олдин Тинч ва Атлантика океанлари ортида қитъа мавжудлиги ҳақидаги қарашни илгари сурди, минераллар таснифи ва уларнинг пайдо бўлиш назариясини ишлаб чиқди, геодезия фанига асос солди. Шунинг учун ҳам XI аср бутун дунёдаги табиий фанлар тарихчилари томонидан “Беруний асри” деб аталиши бежиз эмас.