Си Цзиньпин: Хитой Ўзбекистоннинг ўз миллий суверенитетини ҳимоя қилиш бўйича кўраётган чора-тадбирларини қўллаб-қувватлайди

Аввал хабар қилинганидек, шу кунларда Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов давлат ташрифи билан Хитойда бўлиб турибди. Кеча икки мамлакат раҳбарлари музокара олиб борди.

Хитой раҳбари Си Цзиньпиннинг айтишича, ҳозирги Хитой ва Ўзбекистон муносабатлари тарихий чўққисида турибди. Сиёсий ишонч, стратегик шериклик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳар томонлама ривожланмоқда, иқтисодиёт, хавфсизлик ва гуманитар соҳаларда улкан муваффақиятлар қўлга киритилди. Хитой тарафи Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган ўз тараққиёт йўлини илгари суриш, шунингдек, миллий суверенитети ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш, иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш бўйича чора-тадбирларини қўллаб-қувватлайди.

“Синьуха” ахборот агентлигининг хабар беришича, 2014 — 2018 йилларга мўлжалланган Стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш дастури қабул қилинди.

Си Цзиньпиннинг қайд этишича, икки давлат савдо ва инвестиция кўламини янада кенгайтириши, энергетика, молия, қишлоқ хўжалиги ва транспорт инфратузилмасини барпо этиши ва Хитой — Марказий Осиё газ қувурининг D тармоғини ишга туширишга эътиборни кучайтириши лозим, шунингдек, Хитой — Қиризистон — Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини фаол илгари суриши керак.

Томонлар хавфсизлик ва ҳуқуқни қўллаш соҳасида ҳамкорликни кучайтириш, терроризм ва экстремизмга, шунингдек, наркожиноятларга қарши қаттиқ курашиш, икки мамлакат осойишталигини ҳамда минтақада тинчлик ва барқарорликни ҳимоя қилиш лозимлигига эътибор қаратишди.

ЎзАнинг хабар беришича, сўнгги олти йилда мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 6 баробар ошди ва 2013 йилда 5,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистонда Хитой сармояси иштирокида тузилган 482 корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг етмишдан зиёди тўлалигича Хитой инвестициялари ҳисобига ташкил этилган. Ўзбекистонда Хитойнинг 74 компанияси ўз ваколатхонасини очган.