ОАВ: Милиция подполковниги маст ҳолатда пиёдани уриб кетди

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси транспорт бўлими бошлиғи подполковник Раҳматилла Сатторов маст ҳолатда ўз хизмат машинасида пиёдани уриб юборди.

“Новый век” газетасининг ёзишича, Сатторов шу йилнинг 18 август куни бўлган воқеадан жойидан яширинган, жабрланувчига тегишли ёрдам кўрсатмаган. Орадан бир неча соат ўтиб пиёда Тошкентдаги касалхоналардан бирида вафот этган.

Ҳалок бўлган пиёда Чирчиқ тумани солиқ инспекцияси ходими Бахтиёр Усанов бўлиб, 1971 йилда таваллуд топган.

Йўл-транспорт ҳодисаси Юнусобод туманининг “Бетонка” деб аталадиган жойида юз берган. Шу билан бирга, Сатторов у билан бирга бўлган қариндошига айбни бўйнига олишга кўндирмоқчи бўлган. Хабарда қайд этилишича, Сатторов ордан тўрт соат ўтиб қўлга олинган.

Эслатиб ўтамиз, 19 август куни Тошкент шаҳар ЙҲХБ навбатчиси Kun.uz’га ҳақиқатан ҳам 18 август душанба куни Аграр университети тарафда Matiz автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир этилгани ҳақида маълум қилган эди. Йўл-транспорт ҳодисасини содир этган Matiz автомобилининг давлат рақами ҳақиқатан ҳам 676 VSB бўлиб, автомобиль ичида бўлган икки киши ИИВ органларига алоқадор эмаслиги таъкидланган эди.