Латвия Россия санкциясига тушган озиқ-овқат маҳсулотларини Ўзбекистонга экспорт қилишни режалаштирмоқда

Латвия қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти учун янги ҳудудларни изламоқда. Қишлоқ жойларида маслаҳат ва таълим маркази ушбу мақсадда латвиялик аграр маҳсулотлар ишлаб чиқувчиларнинг ўзбекистонлик тадбиркорлар делегацияси билан учрашувини режалаштирмоқда. Делегация таркибида Латвия қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига қизиқиш билдирган Ўзбекистоннинг 27 та корхонаси раҳбарлари бор. Уларга илгари Россияга экспорт қилинган сут, балиқ, гўшт, пишлоқ ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари намойиш қилинади.

Марказ директори Мартиньш Цимерманиснинг айтишича, Ўзбекистондан мева олиб келаётган ҳамда совутгич мосламалари билан жиҳозланган транспорт воситалари (фуралар) ортга қайтишда Латвия маҳсулотларини олиб кетиши мумкин. Бундан ташқари, Ўзбекистон тарафи Латвиядан қорамол, минерал ўғит ва ўсимликларни ҳимоялаш воситаларини харид қилишга қизиқиш билдиришган.

Латвия озиқ-овқат ветеринария хизмати директори Марис Болодиснинг айтишича, кичик ишлаб чиқарувчилар Ўзбекистонга ўз маҳсулотларини экспорт қилиш учун сертифаклаштиришда муаммога дуч келишмайди. Ҳозирда Ўзбекистонга маҳсулот экспорт қилишни мўлжаллаётган фермерлар ва қайта ишлаб чиқарувчилардан аризалар қабул қилинмоқда.

Латвия бош вазири Лаймдота Страуюманинг айтишича, ушбу мамлакат иқтисодиёти Россия санкцияларидан 55 миллион евро атрофида зиён кўради.