Ўзбекистон ва Хитой газ қувури янги тармоғини қуриш учун қўшма корхона ташкил этади

Хитой миллий нефть корпорацияси ва “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси “Марказий Осиё — Хитой” газ қувурининг тўртинчи  — D тармоғини қуриш мақсадида Asia Trans Gas Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонасини ташкил этиш тўғрисида битим имзолади. “Синьхуа” хабарига кўра, ушбу тармоқнинг барпо этилиши Марказий Осиёдан Хитойга газ етказиб бериш қувватини йилига 85 миллиард кубга етказади.

Бундан аввалроқ тарқатилган хабарда қайд этилишича, мазкур корхонанинг базавий техник лойиҳа ишлаб чиқилган, тармоқ қурилиши шу йилнинг декабрь ойида бошланади ҳамда 2016 йилнинг охирида якунланади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ўзбекистон ва Хитой ҳукуматлари газ қувурининг Ўзбекистон участкасини қуриш ва эксплуатация қилиш принциплари тўғрисидаги битимга баённомани имзолаган эди. Мазкур ҳужжатга биноан, газ қувурининг йиллик қуввати 30 миллиард метр куб бўлган тўртинчи тармоғи ишга туширилиши керак эди.

“Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси ҳамда Хитой миллий нефтгаз корпорацияси томонидан ташкил этилган Asia Trans Gas қўшма корхонаси 2015 йилнинг бошида Бухоронинг Газли туманидан бошланиб, Қозоғистон чегарасигача борадиган йиллик қуввати 25 миллиард метр куб бўлган 318 километрлик газ қувурининг Ўзбекистон участкаси қурилишини якунлашни режалаштирмоқда.