Тошкентлик Аҳмет Давутўғли Туркия бош вазири бўлиши мумкин

Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири Аҳмет Давутўғли мамлакат бош вазири этиб тайинланиши мумкин. Туркия президенти Абдулла Гулнинг қайд этишича, Ражаб Тайип Эрдоған сайланганидан сўнг бўш қоладиган бош вазирлик лавозими Аҳмет Давутўғлига ўтиши мумкин.

“Шунга амин бўлишимча, бош вазирлик курсиси ташқи ишлар вазири Аҳмет Давутўғлига ўтади. Мен уни сиёсатга ва давлат фаолиятига жалб қилганман, шак-шубҳасиз, уни қўллаб-қувватлайман. Бу билан унинг ўзим ташкил қилган партиямда муваффақиятга эришишини, тажриба тўплашини хоҳлайман”, — деди у ўз қароргоҳида ташкил этилган хайрлашув маросимида.

Бундан аввал айнан Абдулла Гул бош вазирлик лавозимига асосий номзодлардан бири сифатида кўрилаётган эди. Чунки улар Ражаб Тайип Эрдўған билан мамлакатни бошқаришда тандем ҳосил қилишган эди. Қолаверса, у қатор интервьюларида катта сиёсатни тарк этмаслигини таъкидлаб келаётган эди.

Туркия ташқи ишлар вазири Аҳмет Давутўғли Эрдўған бошқарган ҳукумат ташқи сиёсати концепциясининг муаллифларидан бири бўлиб, у минтақада ва халқаро миқёсда Туркиянинг нуфузи тикланиб, унинг тан олинишига эришди.

Эслатиб ўтамиз, Аҳмет Давутўғли Кўнянинг Тошкентидан бўлиб, сўнгги 13 йилда биринчи марта яқинда Ўзбекистонга ташриф буюрган эди.