Владимир Путин ва Пётр Порошенко юзма-юз учрашди

Беларусь пойтахти Минск шаҳрида Божхона иттифоқига аъзо давлатлар (Россия, Қозоғистон, Беларусь) раҳбарлари, шунингдек, Украина президенти ва Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича комиссари Кэтрин Эштон иштирокида музокаралар бўлиб ўтди.

Саммит арафасида Пётр Порошенко Кэтрин Эштон билан учрашиб, Украина сентябрь ойида Европа Иттифоқи билан ассоциация тўғрисидаги битимни ратификация қилишини айтди. “Европа Иттифоқига интеграция бизнинг муҳим танловимиз. У ҳеч қайси қўшниларга қарши қаратилмаган”, деди.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Пётр Порошенкога “Менимча, энг муҳими сиз Путин билан юзма-юз мулоқот қилишингиз керак. Россия учун ҳам, Украина учун ҳам ҳақиқат они етиб келди. Негаки, қон тўкилишлар давом этмаслиги керак”, деди.

Александр Лукашенко эса Беларусь ушбу саммитдан ўз мақсадида фойдаланаяпти, деган гап-сўзларни рад қилди. “Буларнинг барчаси пиар. Бу Украина раҳбарининг таклифи эди. Мен ижрочиман. Мен ўз ҳамкасбларимга сизнинг нуқтаи назарингизни етказиш учун қўлимдан келган барча ишни қилдим. Агар сизда хоҳиш бўлмаганида, охирги кунларда телефон орқали кўпроқ гаплашсак-да, учрашув бўлмас эди. Бу шундан далолатки, Украина курраи заминда, Европа марказида осойишталик бўлишидан манфаатдордир”, деди у.

Владимир Путин Украина ва Божхона иттифоқи ўртасида ҳамкорликни қўллаб-қувватлаган бўлса-да, аммо Украианинг Европа Иттифоқи билан ассоциацияси тўғрисидаги битимнинг кучга кириши бу ҳамкорликни йўққа чиқаришини таъкидлади. Путин, ўз навбатида, Европа Иттифоқидан тақиқланган озиқ-овқат маҳсулотлари Россия бозорига Беларусдан ноқонуний йўллар билан кириб келаётганини қайд этди. “Маҳсулот ишлаб чиқарилган мамлакат Беларусь деб ёзилган. Лекин наклейкани олиб ташлашингиз билан у ерда Польша қайдини кўрасиз”, деди у.

Пётр Порошенко эса Украинадаги инқироздан чиқиш учун барча вариантларни муҳокама қилишга тайёрлигини маълум қилди. “Келажак халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилганда, ўз олдига олган мажбуриятларни виждонан бажаришда ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришдадир… Украинанинг тинч келажаги, Европанинг тинч келажаги барча режаларни муҳокама қилишга тайёрмиз”, деди у, жумладан.

The Associated Press Владимир Путин Украинадаги уруш юзасидан кескин баёнотлар бермаганини, Порошенко ҳам анча босиқлигини қайд этган.

РИА Новостининг ёзишича, дастлабки музокаралар 4 соатдан ортиқ давом этган.

Айрим интернет нашрлари бундай эҳтиёткор муносабатни “жанг олдидан рақибни ўрганиш”га қиёслашган.