Исроил ва Ҳамас узоқ муддатли тинчлик битимига келишиб олди

Исроил ва Ҳамас ташкилоти Ғазо секторида ҳарбий ҳаракатларни узоқ муддатга тўхтатиб туришга келишиб олди. BBC’нинг ёзишича, 7 ҳафта давом этган ҳарбий ҳаракатлар натижасида Фаластиндан 2140 нафар, аксарияти тинч аҳоли вакиллари, Исроилдан эса 64 нафар ҳарбий аскар ҳамда уч нафар тинч аҳоли вакили, шунингдек, бир нафар Таиланд фуқароси ҳалок бўлди.

Миср воситачилигида эришилган тинчлик сулҳига кўра, уруш ҳаракатлари маҳаллий вақт билан 19:00дан тўлиқ тўхтатилди. Ҳамаснинг қайд этишича, бу битим “қаршилик ҳаракати учун ғалаба” деганидир.

Исроил тарафининг маълум қилишича, гуманитар ёрдам ҳамда қурилиш материаллари учун Ғазо қамали тўхтатиб турилади. Ҳозирча битимнинг асосий мазмуни шундан иборат.

Хабарларда айтилишича, Ҳамаснинг Ғазода аэропорт ва портга йўл очиш ҳақида талаблари кейинчалик давом эттириладиган музокараларда кўриб чиқилади. Экспертлар бу музокаралар ойлаб давом этиши мумкинлигини қайд этмоқда.

Ҳамас, шунингдек, июнь-июль ойларида олиб борилган ҳарбий ҳаракатларда қўлга олинган ҳарбий асирларнинг озод қилинишини ҳам талаб қилммоқда. Исроил эса Ғазо секторининг тўлиқ қуролсизлантирилиши кераклигини уқтирмоқда.

Дунёнинг етакчи давлатлари ҳамда халқаро ташкилотлар ушбу битимни олқишлаган.