Ислом Каримов Тошкент шаҳрида янги қурилган иншоотларни кўздан кечирди

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 29 август куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Президент Шайхонтоҳур туманининг Абдулла Қодирий ва Лабзак кўчалари кесишган чорраҳада бунёд этилган янги замонавий кўприкни бориб кўрди. “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик темир йўл компанияси ҳузуридаги “13-кўприкқурилиш” трести бунёдкорлари томонидан барпо этилган ушбу транспорт боғламаси автомобилларнинг ҳаракатланиши учун кенг қулайлик яратади. Кўприкнинг узунлиги 642, эни 19 метр.

Абдулла Қодирий ва Лабзак кўчалари кесишган жойда транспорт тиғизлиги автомобиллар ва пиёдаларга ноқулайлик туғдирар эди. Янги бунёд этилган кўприк бу муаммоларга барҳам бериш билан бирга, автомобиллар ҳаракатининг узлуксизлигини ва хавфсизлигини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этади.

UzA
UzA/Gazeta.Uz

Хабарда айтилишича, Абдулла Қодирий кўчасига туташ кўчалар кенгайтирилди, собиқ “Динамо” спорт дўкони ўрнида замонавий савдо мажмуалари қад ростлади. Шаҳар ландшафтининг ажралмас таркибий қисми ҳисобланган Анҳор каналига туташ кўчалар, майдон ва хиёбонларда яшил ҳудудлар кенгайтирилди.

Ислом Каримов, шунингдек, Абдулла Қодирий ва Себзор кўчалари кесишадиган майдонда бўлиб, бу ерда бунёд этиладиган йўл ўтказгич лойиҳаси билан танишди.

Ушбу чорраҳада саккиз қаторли иккита йўл кесишган. Атрофда банк биноси, Абдулла Қодирий номидаги истироҳат боғи, савдо мажмуалари, кўп қаватли уйлар жойлашган. Шу боис бу ер ҳамиша гавжум, кўчалар серқатнов бўлади.

“Ўтган асрнинг 70-йилларида бу майдонда табиий омиллар ҳисобга олинмай, пала-партиш экиб ташланган дарахтлар бугунги кунда аҳолига ноқулайликлар туғдирмоқда. Йўлнинг ўртасидаги бу майдондан бугун мақсадли фойдаланилмаётгани, ўртадаги майдоннинг кенглиги сабабли бинолар йўлга жуда яқин жойлашганлиги транспорт воситалари ва пиёдалар ҳаракатланишига халақит бераётир”, дейилади хабарда.

Бу ерда қуриладиган янги йўл ўтказгич тирбандликнинг олдини олиб, аҳоли ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун қулай имкониятлар яратади.

Ўзбекистон раҳбари Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида қурилган янги йўлни бориб кўрди.

tashkent-uzbekistan-3
UzA/Gazeta.Uz

5,1 километрлик бу йўл Олмазор туманидаги Беруний кўчасидан бошланиб, Шайхонтоҳур туманидаги Хуршид кўчасига қадар давом этади. Форобий, Сағбон, Қорасарой, Себзор ва Лабзак каби катта кўчаларни ўзаро боғлайди.

ЎзАнинг қайд этишича, илгари Тошкентнинг барча қисмида, хусусан, Эски шаҳарда уйлар, бозорлар пала-партиш қуриб ташланган. Оқибатда тор, эгри-бугри кўчалар ҳосил бўлган. Бу транспорт ҳаракатини қийинлаштириб, ҳайдовчи ва йўловчилар ортиқча вақт йўқотишига, ёқилғи сарфи ошиб, атроф-муҳитнинг ифлосланишига сабаб бўлган.

Ҳар бир томони 4 тасмали кенг ва равон бу кўча ҳудудда транспорт ҳаракатини енгиллаштиради.

Йўл билан параллел равишда барча коммуникациялар ва муҳандислик инфратузилмаси бунёд этилган. Келгусида йўл атрофида замонавий уй-жойлар, ижтимоий объектлар қурилиши режалаштирилган. Лойиҳага кўра, турар жойлар уч ва беш қаватли бўлади. Чорраҳаларда фаввора ва гулзорлар, Калковуз ариғи бўйида сайилгоҳ барпо этилади.

Ислом Каримов, шу билан бирга, мамлакатда шахматни изчил оммалаштириш, ўзбек шахматининг ёрқин келажагини таъминловчи истеъдодли спортчиларни тарбиялаш мақсадида Тошкентда шахмат бўйича ихтисослаштирилган республика болалар ва ўсмирлар спорт мактабида амалга оширилган ишлар билан танишди.

tashkent-uzbekistan-6
UzA/Gazeta.Uz

ЎзАнинг ёзишича, мазкур мактаб келажакда халқаро мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир иқтидорли ва истеъдодли шахматчиларни тарбиялаш учун мўлжалланган. Бу ерда 6 ёшдан 16 ёшгача бўлган ўқувчи-ёшлар дарсдан бўш вақтларида шахмат сабоқларини ўрганиши, ўз маҳоратини ошириши мумкин. Мазкур иншоот ўқув-машғулот хоналари, спорт зали, ошхона каби бўлимларни ўз ичига олган. Ўқув-машғулот хоналаридаги электрон шахмат тахталари халқаро андозаларга мос. Мактабда ўқувчилар учун махсус дам олиш хонаси мавжуд.

Бу ерда шахматчиларнинг ўйин амалиётидаги тажриба-маҳоратини ошириш учун шахмат заллари барпо этилган. Ушбу залларда бир вақтнинг ўзида қарийб юз нафар шахматчи ўзаро баҳслашиши мумкин.

Мазкур мактабга болалар танлов асосида саралаб олинади. Уларга тажрибали, профессионал мураббийлар сабоқ беради.

Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг янги биносини бориб кўрди.

Ислом Каримов академия биноси, у ердаги конференция заллари, Ахборот-ресурс марказида яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, бу ердаги илмий, амалий ва ташкилий муҳитни янада такомиллаштириш бўйича зарур тавсиялар берди.

UzA
UzA/Gazeta.Uz

– Мазкур академия нафақат илм оладиган жой, балки тажриба ва ҳаёт билан боғлиқ таълим даргоҳидир, – деди Президент. – Бу академияни битирган ҳар қандай киши давлат бошқарувига лойиқ бўлиши лозим. Бунинг учун халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, бу борада ривожланган мамлакатлар давлат бошқаруви тизимини ўрганиш, тажриба алмашиш керак.

Мазкур мажмуада учта конференция ва катта кўргазма зали, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни ўтказишга мўлжалланган ўнта зал, спорт майдони мавжуд. Улар барча зарур техника ва жиҳозлар билан таъминланган.