Ўзбекистон суд тизими раҳбарлари ўзгарди

Тошкентда бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида мамлакат суд тизимидаги муҳим лавозимларда ўзгаришлар юз берди. Хусусан, 2006 йилнинг ноябрь ойидан Ўзбекистон Республикаси Олий судини бошқариб келаётган Бўритош Мустафоев ўз лавозимидан озод қилинди.

65 яшар Бўритош Мустафоев бунгача турли лавозимларда иш олиб борган. Ўзбекистон Бош прокурори, Президентнинг давлат маслаҳатчиси, Конституциявий суд раиси, Марказий сайлов комиссияси раиси, адлия вазири лавозимларида ишлаган.

Сенат қарори билан у Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раисининг ўринбосари этиб сайланган.

Бўритш Мустафоевнинг ўрнига шу пайтга қадар Олий суд раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Шоюнус Ғозиев сайланган.

Яна бир ўзгариш Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида юз берди. Узоқ йиллар давомида бўш турган Конституциявий суд раиси лавозимига Бахтиёр Мирбобоев сайланди.

Бахтиёр Мирбобоев 1969 йилда Тошкент давлат университетининг юридик факультетини тамомлагач, 1994 йилга қадар ўқитувчилик фаолияти билан шуғулланган. 1994-1998 йилларда адлия вазири ўринбосари, кейинчалик Конституциявий суд раиси ўринбосари лавозимларида фаолият юритади. Сўнг Президентнинг давлат маслаҳатчиси, яна (2004 йилдан) Конституциявий суд раиси ўринбосари бўлади. 2009 йилда бу лавозимга қайта сайланади.

Суд тизимидаги ушбу ўзгаришларни сабаблари ҳақида ҳеч қандай маълумотлар йўқ.