Тошкент шаҳридаги Ҳамза тумани номи ўзгартирилди

Тошкент шаҳар Ҳамза туманининг номи ўзгартирилди. Сенат қарорига биноан, ушбу туман эндиликда Яшнобод тумани, деб аталади.

Парламент юқори палатаси матбуот хизматининг хабар беришича, ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ тайёрланганлиги ва киритилганлиги кўрсатиб ўтилди.

Хабарда қайд этилишича, ушбу масала Тошкент шаҳри аҳолиси ўртасида, фуқаролар йиғинлари фаолларининг, жамоат ташкилотлари вакилларининг, хусусан, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа ташкилотлар вакилларининг мажлисларида олдиндан муҳокама қилинган.

Ушбу масала Ўзбекистон аҳолиси, айниқса, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан турлича кутиб олинди. Негаки, айрим расмий нашрларда Ҳамза ижоди “шўро даври манфаатларига хизмат қилгани” айтилади.

Хусусан, педагогика фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Қуроновнинг “Халқ сўзи” газетасининг 2014 йил 23 август сонида чоп этилган мақоласида таъкидланишича, етмиш йилдан зиёд давом этган бундай дабдабаю асъасалар Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ҳақидаги асл ҳақиқатни барибир ўзгартиролмади. Даврлар, буюк ўзгариш ва янгиланишлар бўронида барча ёлғон гаплар фош бўлиб, ҳақиқат, адолат барибир юзага чиқмоқда. Мана, бугун, орадан йиллар ўтиб, оддий одамдан сохта доҳий ясашга қаратилган бундай хатти-ҳаракатларнинг тагида узоқни кўзлаган ғаразли мақсадлар ётганини англамоқдамиз. Яъни бундай сиёсат замирида “Маҳаллий халқлардан чиққан ёзувчи, зиёли инсон социализмга, Кремль юлдузларига мана шундай садоқат билан хизмат қилиши керак” деган маккорона бир ғоя борлигини, ўйлаймизки, тушуниш қийин эмас.

Профессорга кўра, одамлар ўзи яшаётган туманда, маҳаллада бўлаётган ўзгаришларни кўриб, беихтиёр, туманимизнинг “инқилоб тонгининг оташин жарчиси” бўлган Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийга қандай алоқаси бор ва бундай ҳолат униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга қандай таъсир кўрсатади, деган ҳаққоний саволга жавоб топишга интилиши табиий, деб ўйлаймиз.

Мақолада ёзилишича, чиндан ҳам, пойтахтимизнинг улкан ҳудудини эгаллаган, 200 мингдан зиёд аҳоли яшаб меҳнат қилаётган ушбу туманни ўзининг асл — тарихий номи билан аташ вақти келмадимикан, деган савол ҳозирги вақтда кўпчиликнинг фикри-зикрини банд этиб турибди.

 

SHARE