Владимир Путин: “Қозоқларда давлатчилик бўлмаган”

Россия президенти Владимир Путиннинг фикрича, Қозоғистон Россиянинг энг ишончли стратегик иттифоқчиси ва шериги ҳисобланади. Унинг бундай фикр билдиришига Нурсултон Назарбоев ҳокимиятдан кетганидан сўнг Украина сценарийси такрорланиши мумкинлиги ҳақида савол берилгани бўлди. Биринчидан, Путиннинг фикрича, Назарбоев соғ ва тирик, худога шукрки, ҳокимиятдан кетмоқчи эмас. Донишманд раҳбар сифатида у ўз мамлакати келажаги ҳақида ўйлайди.

Путиннинг фикрича, Қозоғистон аҳолисининг катта қисми Россия билан муносабатларни ривожлантириш тарафдоридир.

“Назарбоев жуда билимдон раҳбар. Собиқ иттифоқ мамлакатларида, эҳтимол, энг билимдон раҳбар у бўлиши мумкин. У ҳеч қачон ўз халқининг хоҳиш-истагига қарши бормайди. У халқи нима кутаётганини яхши тушунади. Охирги пайтларда қилинган жуда кўп ишлар унинг ташкилотчилик қобилияти самарасидир”, — деди Путин.

Путиннинг фикрича, Назарбоев ноёб ишни амалга оширди. Илгари давлат бўлмаган мамлакат ҳудудида давлат барпо этди. Қозоқларда ҳеч қачон давлатчилик бўлмаган. Шу нуқтаи назардан у собиқ иттифоқ ҳудудидаги ноёб шахслардан  бўлиб, Қозоғистон учун нодир раҳбардир. “Евроосиё иттифоқи, тан олишим керак, бу унинг ғояси, мен ўйлаб топганим йўқ. У ўйлаб топган буни. Биз барчамиз бу ишни мантиқий якунлаб қўйишга жалб қилинганмиз ва охирига етказамиз”, деди у.

SHARE