Уолл-Стритда Ўзбекистон байроғи кўтарилди

1 — 14  сентябрь кунлари Нью-Йоркнинг тарихий, маданий ва молиявий маркази ҳисобланган Уолл-Стритда Ўзбекистон мустақиллигининг 23 йиллиги муносабати билан Ватанимиз байроғи ҳилпираб туради.

Байроқни кўтаришга бағишланган тантанали маросимда 100 дан ортиқ киши, жумладан, Ўзбекистонлик ижтимоий-сиёсий доира вакиллари, БМТ тизимида ишлаётган ҳамюртларимиз, Нью-Йоркдаги ўзбек диспораси вакиллари ҳамда Нью-Йорк аҳолиси ва сайёҳлар қатнашди.

Ўзбекистонликларни эса ушбу тадбирда яққол ажратиш мумкин эди, чунки уларнинг аксарияти миллий кийимларда келишган эди.

Тадбир давомида АҚШ ва Ўзбекистон байроқларини кўтариш маросими бўлиб ўтди. Икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради.

10604520_517245595076458_3114847037445844856_o

Шундан сўнг тадбир қатнашчилари эътиборига ўзбек миллий мусиқаси ва рақс дастасидан иборат маданий дастур тақдим этилди, айниқса, миллий куй-қўшиқларимизга уйғунлигидаги рақс дасталари сайёҳлар ва нью-йоркликлар эътиборини жалб қилди.

Тадбир Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси, Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги бош консулхонаси, Америка — Туркистон Ассоциацияси томонидан ташкил этилди.  

Тадбирда сўз олган Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Музаффар Мадраҳимов ватандошларимизни мустақиллик байрами билан қутлади. У Ўзбекистон томонидан қисқа давр оралиғида эришилган муваффақиятлар ҳақида сўзлаб берди.

Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консули Зафар Қаюмов эса тадбир иштирокчиларига Нью-Йоркнинг марказий кўчасида Ўзбекистон байроғини ўрнатиш катта рамзий маънога эга эканлигини қайд этди. У, хусусан, Туркистон — Америка жамияти аъзолари, шу жумладан, жамият раиси Абдулла Хўжага ватандошларимиз номидан ташаккур билдириб ўтди.