Имомали Раҳмон: “Тожикистон учун Ўзбекистон билан муносабат устувордир”

Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон Душанбеда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан мулоқот олиб борди. Бу ҳақда “Ҳовар” миллий ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Тожикистон раҳбарининг фикрича, “шак-шубҳасиз, Тожикистон учун Ўзбекистон билан муносабатлар устувор йўналишлардан бири ҳисобланади”. “Шуни алоҳида қайд этишни истардимки, биз чин юракдан биродар Ўзбекистон билан тен ҳуқуқли муносабатларни мустаҳкамлаш, барча даражада ҳамкорлик ва алоқалар йўналишларини кенгайтиришдан манфаатдормиз”, — деди Имомали Раҳмон.

Хабарда айтилишича, икки мамлакат раҳбарлари икки халқнинг узоқ йиллик тарихи давомида шаклланган дўстлик ва яхши қўшничилик алоқаларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қизиқиш билдиришди.

Шу нарса афсус билан қайд этилдики, икки қўшни мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш сўнгги етти йилда 300 миллион доллардан 2,1 миллион долларга тушиб қолди. Давлат раҳбарларининг фикрича, икки мамлакат савдо алоқаларини йилига 500 миллион долларгача чиқариш имкониятига эга.

Агентлик хабарида айтилишича, учрашув илиқ ва самимий руҳда ўтган. Икки мамлакат муносабатларидаги мавжуд муаммолар ва тўсиқлик бартараф этилишига ишонч билдирилди.

ЎзАнинг маълум қилишича, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ўзаро ва минтақавий масалалар юзасидан, жумладан, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш борасида фикр алмашдилар.

Тожикистон Президенти ғоят мазмунли суҳбат учун Президент Ислом Каримовга миннатдорлик билдирди. Эмомали Раҳмон Ўзбекистоннинг ШҲТ фаолияти самарадорлиги ва халқаро нуфузини оширишга қаратилган амалий ташаббуслари ўз вақтида илгари сурилгани ва улар ҳар томонлама асосли эканини таъкидлади.