Terra Group раҳбарларига қарши жиноий иш нега ҳарбий судда кўриб чиқилади

Ўзбекистон Бош прокуратураси Terra Group ва бошқа бир қатор компанияларнинг раҳбарларига нисбатан очилган жиноий иш Тошкент Ҳарбий судида кўриб чиқилганига изоҳ берди.

Бош прокуратура матбуот котибининг қайд этишича, Terra Group ва бошқа бир қатор компанияларнинг раҳбарлари – Р. Мадумаров, Г. Авакьян, Н. Содиқов ва бошқаларга нисбатан бир нечта жиноий иш очилган бўлиб, улардан бири бўйича суд ҳукми 2014 йил 24 май куни Тошкент гарнизони Ҳарбий суди томонидан чиқарилган.

Хабарда айтилишича, бир гуруҳ собиқ ҳарбий хизматчилар Р. Мадумаров ва Г. Авакьяннинг бевосита кўрсатмалари асосида Ўзбекистон фуқароларини зўравонлик ишлатиб ўғирлаш ва қонунга зид равишда узоқ вақт давомида тутқунликда сақлаб туриш билан шуғулланган.

Асосий ижрочилар ҳарбий хизматчи мақомига эга бўлгани ва бир қатор ҳарбий жиноятларга қўл ургани сабаб, ушбу жиноий иш ихтисослаштирилган суд томонидан кўриб чиқилган. “Шундай қилиб бунда суд ишининг ёпиқлигини таъминлаш учун эмас, балки Ўзбекистон қонунчилиги талабларидан келиб чиқиб ёндашилди”, – дейилади Бош прокуратура матбуот котиби.

Р. Мадумаров, Г. Авакьян, Н. Содиқов ва бошқаларга нисбатан очилган, иқтисодий ва бошқа жиноятлар бўйича жиноий иш материаллари судга жўнатиш учун тайёрланган ва бу ишлар умумий тартибда кўриб чиқилади.

Бош прокуратуранинг қайд этишича, қайд этилган шахслар томонидан ташкил этилган жиноий гуруҳ томонидан Ўзбекистон ҳудудида, хусусан, нархи сунъий равишда паст қилиб кўрсатилган давлат активлари сотиб олинган, ўзлаштирилган, талон-тарож қилинган ва молиявий-иқтисодий бошқа фирибгарликлар амалга оширилган ва бунинг натижасида Ўзбекистон иқтисодиётига сезиларли зарар етказилган.

Ҳозирги вақтгача умумий миқдори 457 миллиард сўм бўлган активлар ва мол-мулклар давлат ҳисобига қайтарилган.

SHARE