Ўзбекистондаги барча сиёсий партиялар иштирок этиш истагини билдирди

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партиялар вакилларига сайловчилар имзосини тўплаш учун имзо варақалари берилди. ЎзАнинг хабар беришича, мазкур жараён сиёсий партияларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловда иштирокини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилмоқда.

Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган барча сиёсий партиялар – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси парламент сайловида иштирок этиш истагини билдирди.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддасига мувофиқ белгиланган намунадаги имзо варақалари Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингандан кейин берилади.

Марказий сайлов комиссияси котиби Комилжон Одиловнинг таъкидлашича, қонунга биноан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинадиган кундан камида тўрт ой олдин рўйхатга олинган сиёсий партиялар депутатликка номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга.

– Сиёсий партия сайловда уни қўллаб-қувватлайдиган сайловчиларнинг камида қирқ мингта имзосини тўплаши зарур, – дейди К.Одилов. – Бунда мамлакатимизнинг битта маъмурий-ҳудудий тузилмасида, яъни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ёки Тошкент шаҳрида тўпланган имзолар сони талаб этилган имзолар сонининг саккиз фоизидан ошмаслиги белгиланган.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддасига биноан сиёсий партия депутатликка номзодлар кўрсатиш учун 12 октябргача Марказий сайлов комиссиясига сайловда иштирок этиш тўғрисида партия раҳбари томонидан имзоланган ариза, Адлия вазирлигининг сиёсий партия қонунда белгиланган муддатда рўйхатга олинганини тасдиқловчи маълумотномаси, шунингдек, имзо варақаларини тақдим этиши шарт. Имзо варақалари топширилгач, Марказий сайлов комиссияси уларнинг тўғри тўлдирилганини текширади.

– Ушбу жараёнда сиёсий партиялар вакилларининг иштирок этишига ҳам рухсат этилади, – дейди К.Одилов. – Сайловчилар имзоси сохталаштирилган тақдирда Марказий сайлов комиссияси ушбу сиёсий партиянинг сайловда қатнашиш ҳуқуқини рад этади.

Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида беш кунлик муддат ичида сиёсий партиянинг сайловда қатнашишига ижозат бериш тўғрисида якуний қарор қабул қилади. Сайловда иштирок этувчи партияларнинг рўйхати аризалар келиб тушиш тартибига қараб, марказий матбуотда эълон қилинади.

Эслатиб ўтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, вилоят, туман ва шаҳар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов 2014 йилнинг декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбаси – 21 декабрда ўтказилади.

35 нафар депутат ҳудудий, бир мандатли сайлов округлари бўйича кўп партиявийлик асосида умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланади. 15 депутатлик ўрни эса Ўзбекистон Экологик ҳаракатига берилган.

SHARE