Ўзбекистон 2030 йилга қадар ЯИМ ҳажмини киши бошига 9,3 минг долларга етказмоқчи

Ўзбекистон 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини киши бошига 9,3 минг долларга етказмоқчи. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов БМТ Бош Ассамблеяси мажлисидаги нутқида маълум қилган. Унинг қайд этишича, Ўзбекистон мустақиллиги йилларида мамлакат ЯИМи 5 баравар кўпайди, аҳолининг даромадлари эса 8,7 баравар ортган. “Ўзбекистоннинг йиллик ЯИМ ўсиш кўрсаткичи сўнгги ўн йил давомида 8 фоиздан ортиқни ташкил қилмоқда. 2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулотнинг киши бошига улушини 9,3 минг долларга етказиш кўзда тутилмоқда”, деди вазир.

Жаҳон банки рейтингига кўра, Ўзбекистон истеъмол қуввати паритетини ҳисобга олган ҳолда 156,256 миллиард долларлик ялпи ички маҳсулоти билан 66 ўринда қайд этилди. Бу кўрсаткич киши бошига 5340 долларни ташкил этди. Бу 2010 йилга нисбатан 1110 долларга кўп бўлиб, 2004 йилдан буён эса икки баробар ошганини кўрсатади.

Шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистон 2012 йилда 106,931 миллиард долларлик ЯИМ билан ҳам 66-ўринни эгаллаган эди.

ЯИМнинг киши бошига миқдори 2013 йилда 1878 долларни ташкил этди. Бу 2012 йилдагига қараганда 9,2 фоизга кўпдир. Ўзбекистон ЯИМнинг киши бошига миқдори бўйича 126-ўринни эгаллайди.

SHARE