Интернет нашри Ўзбекистон футболи ҳақда бошқа ёзмасликка қарор қилди

Ўзбекистонда спорт мухлислари орасида яхши таниш бўлган Stadion.uz веб-сайти ўзбек футболига нисбатан бойкот эълон қилди. Бу ҳақда сайт ижодий жамоаси маълум қилди.

“Сўнгги йилларда ўзбек футболида яна кескин пасайиш бошланди. Терма жамоаларимизнинг халқаро ўйинлардаги натижалари ёмонлашиб бормоқда. Ўсмирларимиз ЖЧга чиқа олмади, терма жамоамиз Осиё Ўйинларида нимчорак финалдан нарига ўта олмади”, — дейилади сайт ижодкорлари мурожаатида.

Сайтининг ёзишича, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳозирча легионерлар ҳисобига ўз савиясини нисбатан ушлаб турибди. Бош жамоамизнинг Осиё кубоги-2015да қандай натижа қайд этишини ҳеч ким ишонч билан айта олмайди. Буларнинг барчасига миллий чемпионатимиз сабабчи экани ҳеч кимга сир эмас. Олий ва Биринчи лига мусобақаси ботқоққа ботиб ётибди. Келишилган ўйинлар, тотализаторга ўйинларни тикиш кундан-кунга авж олиб бормоқда. Ҳаммаёқ “театр”. Айниқса, мавсумнинг сўнгида бу ҳолат жуда ҳам авж олади. Медаллар учун курашаётган ва Олий лигада қолишни истаган жамоалар таваккал қилишни, мардларча курашишни исташмайди. Келишади, сотиб олади, керак бўлса ҳакамлар билан “ишлайди”.

“Катта мақсад йўлида ташкил этилган сайтлар асосан фидойилик эвазига фаолият юритишади. Ўзбек футболининг ютуғини кўришни исташади ҳамкасбларимиз. Бироқ, асло “театр”ларни тарғиб қилишни мақсад қилишмаган”, — дейди сайт вакиллари.

Сайт ижодкорлари ЎФФ томонидан келишилган ўйинларга қарши жиддий кураш бошланмагунича, ўзбек футболи ифлосликлардан тозаланмагунича, ўзбек футболини ёритмаслигини маълум қилган. “Бизга ҳалол футбол керак. Унгача эса Европа ва халқаро футбол билан яшаймиз”, — дейишган.

Улар, шунингдек, ЎФФ президенти Мираброр Усмонов, ЎзПФЛ бош директори Фарҳод Магомедов, ЎФФ қошидаги келишилган ўйинларга қарши кураш комиссияси бошлиғи Аҳрол Иноятов билан учрашув ташкил қилишларини сўраган. “Келишилган ўйинларга қарши биз кутган кураш бошланмаса, бу борада ФИФАга мурожаат қилишга мажбур бўламиз. Ўлиб бораётган футболимизнинг аҳволига жим қараб тура олмаймиз!”, дея қатъий талаб қўйишган.

SHARE