Ўзбекистонда 13,7 минг доллардан зиёдга қимматбаҳо тақинчоқ харид қилганлар пухта текширилади

Ўзбекистонда қимматбаҳо металлар ва тошлар билан шуғулланувчи шахслар қиймати энг кам иш ҳақининг 300 баробаридан ошувчи (Марказий банк курси бўйича 13,7 минг доллар атрофида) бир марталик битимларни амалга оширишда мижозларни пухталик билан текширишлари лозим.

Ўзбекистонда Қимматбаҳо металлар ва тошлар билан амалиётларни бажарувчи шахслар учун Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ҳамда террорчиликни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига ўзгаришлар ва қўшимчалар киритилди.

Norma.uz сайтининг ёзишича, мазкур ҳужжатга “риск” тушунчаси киритилди. Ушбу тушунча остида жиноий фаолият ёки террорчиликни молиялаштиришдан олинган даромадларни легаллаштириш мақсадларида мижозлар билан амалиётларни бажариш риски тушунилади. Ички назорат тизими қимматбаҳо металлар ва тошлар билан амалиётларни бажарувчи шахсларнинг фаолияти доирасидаги рискларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни камайтириш вазифаси билан тўлдирилди.

Бундан олдин кўзда тутилган ҳолатлардан ташқари, қимматбаҳо металлар ва тошлар билан шуғулланувчи шахслар қиймати энг кам иш ҳақининг 300 баробаридан ошувчи бир марталик битимларни амалга оширишда мижозларни пухталик билан текширишлари лозим. Ушбу чоралар харидорга нисбатан ҳам, қимматбаҳо металл ва тошларнинг сотувчисига нисбатан ҳам, шунингдек мавжуд мижозларга нисбатан ҳам қўлланилиши шарт.

Anhor.uz сайтининг ёзишича, бу чораларнинг барчаси қонунга амал қилувчи фуқароларга мўлжалланган, чунки уларни бемалол четлаб ўтиш мумкин. Масалан, қиймати энг кам иш ҳақининг 300 баробаридан ошмайдиган миқдордаги олтин ва қимматбаҳо буюмларни битта эмас, балки бешта ёки ўнта дўконда сотиб олса бўлади.

SHARE