Ўзнетда порахўр божхоначилар танқид қилинмоқда

Яқинда Ўзбекистоннинг бир қатор оммавий ахборот воситаларида мамлакат божхона хизматининг бир гуруҳ юқори мансабдор шахслари қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқаган эди.

Шу кунларда айрим интернет нашрлари, хусусан, Подробно.uz сайтида ушбу ҳодиса бўйича эҳтиросга бой материал эълон қилинди. Хусусан, Давлат божхона қўмитаси Тошкент вилояти бош бошқармаси бошлиғи Сирожиддин Ғуломов ва бошқа мутасаддилар “қанча одамнинг кўз ёшини тўккан, қанча тавқи ланъатлар эшитган” деб бошлайди. “Худо бор!”, дейди муаллиф эҳтиросга берилиб.

“Катта амал ва юқори мартабали “ака”ларнинг борлиги шундоқ тоза, ҳалол ва юмшоқ бўлишининг кафолати эмасдир”, дейди муаллиф.
Сайтда ёзилишича, шу пайтга қадар Тошкент вилояти божхона пунктларида қўлланилган пора ундириш ва ўлпонлар тизимини Ғуломов ўйлаб топган ва амалиётга жорий қилган. Божхона пунктлари бошлиқлари иш сифати, ақли ва зеҳнига қараб эмас, маълум бўлишича, балки бутунлай бошқа принциплар асосида тайинланган.

Бу раҳбарлар маълум муддатда (одатда ойига бир марта) айнан Ғуломовга “йўталиб туришган”. “Ўйлайманки, у ҳам ўзидан тепадагилар билан баҳам кўришган”, — дейди у.

Божхона пунктлари раҳбарлари лавозимидан айрилиб қолмаслик учун ўз ходимларини пул топишга ундашган. Божхоналарнинг бир қисми топганини ўзида ушлаб қолган, бир қисми “буйруқ”қа қараб тепага узатишган. “Шунинг учун ҳам бизда божхона тизимида шунақа носоғлом муҳит шаклланганми?”, дея фикр юритади муаллиф.

Материалда қайд этилишича, Ғуломов ва ундан қуйидаги раҳбарлар минглаб ва ўн минглаб доллар пора олишган. Суллоҳни очкўзлик адо қилади, деганларидек, божхона раҳбарлари ҳам ўлпон ва ясоқ тўплашга киришиб кетишди.

Энди улар жавоб бериши керак, дейди муаллиф. Қонун бўйича жавобгарликка тортилиши лозим. “Давлатимиз қўлга олинган порахўрларга раҳм-шафқат қилмайди, Уларни олдинги хизмати ҳам, “акалари” ҳам қутқариб қола олмайди”, — дея хулоса қилади муаллиф.

SHARE